Ўзбекистон | 15:30 / 07.05.2019
11867
2 дақиқада ўқилади

«СамАвто» Афғонистонга навбатдаги техникалар партиясини жўнатди

Фото: СамАвто

2019 йил март ойидан май ойига қадар Самарқанд автомобиль заводи Афғонистон Ислом Республикасига 78 дона автомобиль экспорт қилди.

“СамАвто” заводи ва Афғонистон Харидлар бўйича миллий идораси ўртасидаги ҳамкорлик 2018 йилда 121 дона тез ёрдам машинаси (амбуланс) етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши билан бошланганди. Янги йилда етказиб берилаётган техника турлари кўпайди ва 11 дона амбулансдан ташқари, Афғонистонга самосваллар, сут ташувчи машиналар, кран-манипулятор, суғориш-ювиш ва комбинацияланган суғориш-ўриш супуриш машиналари ҳам жўнатилди.

Фото: СамАвто

65 дона янги техника, Афғонистон ҳудудига кириб келгач, Кобул ҳокимлигига фойдаланишга топширилди, 2 дона сут ташиш машинаси эса болалар боғчасига хизмат кўрсатишга юборилди.

Афғонистонда маҳсулотни илгарилатиш мақсадида, “СамАвто” МЧЖ ва Ahmad Samir Ahmadi Ltd. компанияси ўртасида дилерлик келишуви имзоланди, унга кўра ушбу компания Афғонистон ҳудудида техникани сотиши, транспорт воситаларига кафолат ва сервис хизматини кўрсатиши, эҳтиёт қисмлар етказиш билан шуғулланиши мумкин.

Шунингдек, Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган техника Афғонистондаги потенциал харидорлар танишишлари учун Ўзбекистон товарлари экспозицияси ташкил этилган “Термиз-Карго” ҳудудига қўйилган.

Мавзуга оид