Ўзбекистон | 22:13 / 21.05.2019
5052
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ўзбекистон биохилма-хиллиги билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди 

Бугун, 21 май куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти қошидаги International House-Tashkent анжуманлар залида 22 май - Халқаро биохилма-хиллик куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради Kun.uz мухбири. Унда Давлат экология қўмитаси, Фанлар академияси Ботаника институти, Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бошқармаси, Сурхон давлат қўриқхонаси масъуллари ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили Матильда Димовски иштирок этди.

Матильда Димовски биологик хилма-хилликни асраб қолиш учун бошқа соҳалар фаолиятини бир маромга солиш кераклиги, жадал иқтисодий ривожланиш табиий ресурслардан нотўғри фойдаланишга замин яратишининг олдини олишига урғу берди. 

“Иқтисодиёт ва бошқа йўналишлар жадал ривожланиши экологияга катта зарар етказади. Ижтимоий, иқтисодий ва экологик ҳаракатлар параллел олиб борилиши, яъни коэволюция йўлга қўйилсагина биз табиатни асраган бўламиз”, деди у.

“Mountain Herbs” МЧЖ директори Данил Исаковнинг сўзларига кўра, денгиз сатҳидан 3200 метр баландликдаги ерларда ҳеч қандай майса ўсмаяпти. Бундан айниқса Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари жуда кўп зарар кўрган. 

“Чорва моллари нотўғри боқилиши сабабли кўп ҳудудларда 20-30 йилгача ҳеч нарса ўсмайди. Шу боис кўп ўсимлик турларидан айрилдик. Ушбу ҳудудларда камида 40 йилдан кейин ўсимлик униши ва ёки умуман унмаслиги мумкин. Бу Ўзбекистон флора дунёси учун катта хавф. Мен ёшлар ва мутасаддиларни бу масалага алоҳида эътибор қаратишга чақираман”, деди у.

Маълумот берилишича, республика ҳудудида, асосан Амударё бўйи ва тоғ тизмаларида қор қоплони яшаган. Бу ноёб йиртқич у яшайдиган қамишзорларнинг ўзлаштирилиши ва териси учун овланиши натижасида қирилиб кетган. Давлат экология қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ва ГЭФ қўшма лойиҳаси эксперти Елена Бикова ҳозирда сони нечталиги ҳам номаълум бўлган бу жонивор яшаши ва кўпайишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон учун қор қоплонини мониторинг қилиш тизимини тақдим этди. Бу лойиҳа 2017 йил май ойидан 2022 йил майигача амалга оширилиши кўзланган бўлиб, унинг умумий қиймати 31 млн 509 минг АҚШ долларидан ортиқроқни ташкил этади.

Профессор Юсуф Шодметовнинг айтишича, “Ер сайёрасининг қарийб 60 % экотизими инқирозга учрамоқда. 87 та сув ва сув ёнбағрлари, 46 та чўл ва 43 та тоғ экотизимлари йўқолиб кетиш арафасида. 

“Бу сайёра учун жуда катта хавф. Ҳаёт биохилма-хиллик бўлгандагина давом этади. Биз биохилма-хиллик ва табиатни асрашга қаратилган жуда кўп миллий дастурларга эгамиз. Аммо тан олиш керакки, улар етарлича ишламаяпти. Ўзбекистон биохилма-хиллиги у қадар бой эмас. Ҳар қандай табиий офат унга салбий таъсир кўрсатиши мумкин” деди у ҳамда Давлат экология қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотларни янада самарали ишлашга чақирди.

Тадбир давомида соҳадаги муаммолар фактлар билан баён қилинди, аммо аксарият муаммоларга ечим тақдим қилинмади. Жумладан, иштирокчилардан бирининг дарахтларнинг ноқонуний кесилиши масаласи билан ким шуғулланиши кераклиги ҳақидаги савол очиқ қолди.

Шунингдек, Фанлар академияси Ботаника институти директори Комилжон Тожибоев олимлар изланишлари натижасида Ўзбекистон флора дунёсида бир қанча турларнинг топилганлиги ва бу катта ютуқ эканлигини таъкидлади. Лекин Ботаника боғидаги турли мато боғланган дарахтлар аҳволи, боғ ҳудудида назоратчилар йўқлиги, эски иссиқхоналар бўш ётганлиги ва бошқа муаммолар ҳақидаги саволга жавоб бермади. 

Мўътабар Хушвақтова

Мавзуга оид