Даҳанаки жанг. Трамп Эронни бутунлай йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп ва Эрон президенти Ҳасан Руҳоний бир-бирига нисбатан кескин баёнотлар ва бевосита ҳақоратлар билан чиқишмоқда. Руҳоний Оқ уй «ақлан заиф» эканлигини айтганидан сўнг Трамп твиттерда Эронга қарши «яксон қилувчи куч» қўлланилишини айтиб таҳдид қилди.
«Эроннинг Американинг бирор нарсасига ҳужумига АҚШ яксон қилувчи куч билан жавоб қайтаради. Баъзи соҳаларда бу бутунлай йўқ қилиб юборишни англатади», деб ёзди Трамп твиттерда.
Америка президенти Эрон раҳбарларини тажовузкор сиёсатда айблади ва улар бугунги воқеликни тушуниб етмаганини айтди.
«Эрон яхшилик ва раҳм қилинаётганини тушунмаяпти. Ҳеч қачон тушунмаган. Улар афсуски, кучни тушунишади, АҚШда эса дунёдаги энг қудратли армия бор», - дея қўшимча қилди Трамп.
Трамп Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг миллий телевидение орқали қилган баёнотларига жавобан бу сўзларни ёзди.
Руҳоний Вашингтоннинг Эрон диний етакчиси Оятуллоҳ Али Хоминаийга нисбатан шахсий санкциялар киритиш ҳақидаги қарорини кескин қоралади.
«Оқ уйнинг ҳаракатлари унинг ақли заифлигини билдиради», - деди Эрон президенти.
Расмий Теҳрон янги санкциялар низонинг дипломатик йўл билан ҳал қилинишига тўсқинлик қилишини билдирди.
«Трамп маъмурияти дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга имкон берадиган барча халқаро механизмларни йўқ қилмоқда», - деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Мусавий.
Аввалроқ Трамп агарда ядровий синовлардан воз кечмаса Шимолий Кореяни бутунлай йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилганди. 2017 йилда Ким Чен Ин Трампни ақлини йўқотган қария деб атаганди.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон эса Эрон «очиқ эшикдан кириши» ва Вашингтон билан музокаралар столига ўтириши мумкинлигини айтди.
Эронга қарши санкциялар
Трамп Эронга, жумладан мамлакат диний раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоминаийнинг шахсий девонхонасига нисбатан янги санкциялар киритилишини эълон қилди.
Эрон ҳукуматининг таъкидлашича, Хоминаийга қарши санкциялардан маъно йўқ, чунки унинг ҳеч қандай шахсий бойлиги йўқ.
Аммо АҚШ давлат котиби Майк Помпео Хоминаийнинг бойлигини 95 млрд доллар деб баҳолаганди.
Расмий Вашингтон маълумотига кўра, Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси фаолияти ана шу маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
АҚШ молия вазирлиги қўриқчиларнинг саккиз нафар қўмондони ҳам санкциялар остига тушганини билдирди.
Санкциялар шунингдек, Эрон режими ва санкцияларга тушган шахслар билан ҳамкорлик қиладиган хорижий молия компанияларига ҳам қаратилган.
Молия вазири Мнучин ҳафта охирида Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Мусавий ҳам санкцияларга тушишини хабар қилди.
Трамп маъмурияти Теҳронни Эрон ядровий ва ракета дастури бўйича янги музокаралар бошлашга мажбур қилмоқчи ва Эрон келгусида ядро қуролига эга бўлмаслигига кафолат олишни истамоқда.
Эрон ҳукумати ядро қуроли ишлаб чиқариш нияти йўқлигини таъкидламоқда.
«Тасаввур қилиб бўлмас сценарий»
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант Британия АҚШ томонида туриб Эронга қарши урушиши сценарийсини тасаввур қила олмаслигини билдирди.
У Яқин Шарқдаги вазият ҳамда Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги дипломатик низонинг ривожланишидан жиддий ташвишда эканлигини айтди.
«АҚШ бизнинг яқин иттифоқчимиз, биз улар билан мунтазам мулоқотдамиз, уларнинг барча илтимосларини диққат билан кўриб чиқамиз, аммо биз уларнинг қандайдир ҳарбий ҳаракатлар борасидаги илтимосларига рози бўлишимиз мумкинлигини тасаввур қила олмайман», - деди вазир.
Мавзуга оид
16:58 / 25.12.2024
Эронда WhatsApp ва Google Play блокдан чиқарилади
20:58 / 24.12.2024
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
14:52 / 20.12.2024