14:14 / 11.07.2019
11344

“Парфюмерия” операцияси фош этилди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

 Юртимизга сифати кафолатланмаган товар-моддий бойликларини яширинча олиб кирилишига қарши божхона ходимлари томонидан самарали кураш олиб борилмоқда.

Жумладан, Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Андижон вилояти Жалақудуқ туманида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбир давомида фуқаро М.С.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда холислар иштирокида текширилди. Натижада, ушбу шахс ўз хонадонида фуқаро Ғ.З.га тегишли бўлган, божхона расмийлаштирувидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 66,8 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган парфюмерия воситаларини ноқонуний равишда сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Top