19:40 / 18.07.2019
13355

Анъанавий боғларда 15 тонна, интенсив боғларда 60-70 тонна ҳосил олинмоқда

Бугун, 18 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан пресс-брифинг ташкил этилди.

Унда вазирликнинг Боғдорчилик ва узумчилик бошқармаси бошлиғи Ф.Қирғизбоев, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Саидкарим Маҳмудов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги раҳбари Насриддин Нажимов иштирок этди.

Брифингда тақдим этилган маълумотларга кўра, республикада 2018 йилда 2,6 млн тонна мева маҳсулотлари етиштирилган бўлиб, жорий йилда бу кўрсаткич 2,9 млн тоннани ташкил этиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда жами 269,5 минг гектар боғлар бўлиб, шундан 188 минг гектар боғлар фермер хўжаликлари ихтиёрида. 2018 йилда 9 минг гектар интенсив боғлар барпо этилган.

Боғдорчилик соҳасини техникалар билан тўлиқ таъминлаш мақсадида 2025 йилгача агротехникалар сонини 12 минг 533 донага кўпайтириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва бу жараён босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 780 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари (700 млн доллардан ортиқ) ҳўл мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Ташқи бозорга чиқарилган қуритилган мевалар эса 10 268 тоннани ташкил этиб, қиймати 7 9024,8 минг долларни ташкил этган.

Тадбирда интенсив боғларнинг анъанавий боғлар ўрнини эгаллаб бориши навлар қисқаришига, халқимиз севган мазали мевалар йўқолишига олиб келмайдими, деган саволга ҳам жавоб берилди.

Насриддин Нажимовнинг айтишича, интенсив боғлар йўлга қўйилиши бозор ва экспорт талабидир. Сабаби, анъанавий боғларнинг бир гектаридан ўртача 15 тонна атрофида мева олинса, интенсив боғларда бу кўрсаткич 67 тоннагача етади. Шунингдек, интенсив боғлардан олинган маҳсулот экспортбоп ҳисобланади. Лекин бу анъанавий навларга хавф туғдирмайди, сабаби республика бўйлаб 180-200 минг гектар атрофида интенсив боғлар бўлса, 450 минг гектар томорқаларда анъанавий боғлар парваришланмоқда.

Top