Жамият | 19:56 / 23.07.2019
22543
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Андижондаги ҳолат бўйича ўз вақтида чора кўрилган

Бугун, 23 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш режаси, ҳудудий касалхоналарнинг муаммолари, бепул ордерлар олиш тартиби» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, тизимда кўплаб ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги сабабли Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 7 декабрда «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинган ва 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури бўйича иш олиб борилмоқда.

Концепцияга кўра:

  • соғлиқни сақлаш соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш;
  • тиббиёт соҳасида замонавий бошқарув тизимини ва  ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг “кластер” моделини шакллантириш;
  • тиббиёт соҳасини молиялаштириш тизимини  такомиллаштириш;
  • тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини  ошириш;
  • оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;
  • хусусий тиббиёт, давлат-хусусий шериклик механизмини ва
  • тиббий туризмни ривожлантириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш;
  • фармацевика тармоғини жадал ривожлантириш;
  • тиббий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака
  • оширишнинг самарали тизимини яратиш, тиббиёт фанини ривожлантириш;
  • Электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш режалаштирилган.

Мухбирнинг «Андижон вилояти ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги шприц муаммоси қандай ечим топгани, умуман ҳудудлардаги тизим ходимлари қачонгача маҳаллий ҳокимликларга бўйсуниб, ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга аралашиб юришиши» ҳақидаги саволга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи Фаррух Шарипов шундай жавоб берди: «Биз Андижон вилояти ҳокимлигидаги масала бўйича дарҳол ўз муносабатимизни билдирганмиз. Айтишимиз керакки, у ердаги ҳамма гапларга ҳам жавоб беришимиз шартмас, соҳамизга оид масалаларга маданият билан жавоб қайтарганмиз. Энди жойлардаги тизимимиз ходимларини ҳимоялаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда, масалан эндиликда жойлардаги раҳбар кадрларни ишга тайинлаш фақат махсус комиссия хулосасига кўра вазирлик томонидан амалга оширилади ва ҳеч ким бунга аралаша олмайди».

Мавзуга оид