15:54 / 12.08.2019
30402

Андижонда юк машинаси ағдарилиб, ичидаги спирт кўчага тўкилди

Андижонда спирт олиб кетаётган юк машинаси ағдарилиб кетган. Бу ҳақда твиттер фойдаланувчилари ёзишди. Гувоҳларнинг Kun.uz`га маълум қилишича, воқеа бугун, 12 август куни соат 10:30 лар атрофида Абдулазиз Йўлдошев кўчасида содир бўлган. Юк машинаси Андижон биокимё заводидан (гидролиз заводи) спирт олиб кетаётган бўлган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қашқадарё вилоятида рўйхатдан ўтган юк машинаси ағдарилган йўлда иккита хавфли бурилиш бўлган. Ҳайдовчи биринчи бурилишдаёқ назоратни йўқотишига сал қолган ва шунга қарамай эҳтиёт чорасини кўрмагани сабаб иккинчи бурилишда ағдарилган.

Фото: KUN.UZ

Воқеа жойига тез ёрдам, ИИБ ҳамда ўт учирувчилар етиб борган. Юк машинаси қулаши оқибатида ҳеч ким жиддий жароҳат олмаган, аммо машинадаги спирт кўчага тўкилиб кетган. Гувоҳларнинг айтишича, ОТМларга кириш имтиҳонлари бўлаётгани сабаб Андижон давлат университети чет тиллар факультети биноси олди ёпилган. Шу боис машиналар айланма йўллардан юришга мажбур бўлмоқда ва бу юк машиналарига айниқса ноқулайлик туғдирмоқда.

Top