Ўзбекистон | 08:21 / 02.09.2019
15867
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида битим кучга кирди

Фото: president.gov.by

2019 йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларус Республикаси Ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Битим кучга кирди. 

ТИВ хабарига кўра, ҳужжат 2018 йил 13 сентябрь куни Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида имзоланган эди. 

Мазкур ҳужжат божхона қонунчилиги бузилишини олдини олиш, суриштириш ва унга қарши курашишда ўзаро ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди. Ушбу Битим доирасида икки мамлакат божхона органлари уларнинг ҳудудларида амалдаги божхона қонунчилигини бузиш мақсадида фойдаланилгани ёки фойдаланилиши мумкинлиги тўғрисида маълумот ёки шубҳа мавжуд бўлган шахслар, товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида бир-бирларига маълумот тақдим этадилар.

Битим икки мамлакат божхона органлари ҳамкорлигини ривожлантириш ва кенгайтириш ҳамда божхона ҳуқуқбузарлигини олдини олиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга имкон беради, дейилади хабарда.

Мавзуга оид