17:40 / 27.10.2019
0
16533

Курдлар етакчиси ИШИД раҳбарига қарши амалиёт ҳақида маълумот берди

ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий бир неча ой давомида ҳамкорликда олиб борилган разведка ишларидан кейин ўтказилган амалиёт натижасида йўқ қилинди. Бу ҳақда «Сурия демократик кучлари» раҳбари Мазлум Абди маълум қилди.

«Террорчи Абу Бакр ал-Бағдодийни йўқ қилиш бўйича амалиётдан олдин беш ой давомида қуруқликда қидирув ва кузатув ишлари олиб бордик. Биз бу катта ишга ҳисса қўшганларнинг барчасига миннатдорчилик билдирамиз», дея ёзган у твиттерида.

Бугун АҚШ 27 октябрга ўтар кечаси Суриянинг Идлиб вилоятида ИШИД раҳбарини йўқ қилиш бўйича амалиёт ўтказгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Туркия Мудофаа вазирлиги ушбу амалиёт Анқара билан мувофиқлаштирилган ҳолда ўтказилгани тасдиқлаган, унда 8та вертолёт ва 4та дрон иштирок этганини маълум қилинган.

Оқ уй АҚШ президенти Дональд Трамп 27 октябрь куни соат 9:00да (Тошкент вақти билан 18:00) муҳим баёнот билан чиқишини маълум қилган. Трампнинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқда «оламшумул воқеа содир бўлгани» ҳақида ёзиб, ИШИД раҳбари йўқ қилинганига ишора қилган.

Бундан аввалроқ Ироқ ва Эрондаги манбалар ҳам террорчилар раҳнамоси йўқ қилингани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top