15:20 / 29.11.2019
0
18996

«Арсенал» Эмерини ишдан бўшатди

«Арсенал» бош мураббийи Унаи Эмери истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати расман хабар берди.

«Арсенал» 28 ноябрь куни Европа Лигаси гуруҳ босқичининг 5-тури доирасида «Айнтрахт»га ўз уйида ютқазди (1:2), жамоа плей-оффга чиқиш имкониятини сақлаб қолган бўлса-да, бу натижа мухлисларнинг ҳам, раҳбариятнинг ҳам «сабр косасини тўлдирди».

Испаниялик мутахассис клубни ўз штаби билан бирга тарк этган. Жамоани энди вақтинча Фредрик Юнгберг бошқариб туради.

«Бу қарор натижалар ва ўйинлар талаб даражасида бўлмаётгани туфайли қабул қилинди. Биз Фредди Юнгбергдан масъулиятни зиммасига олиб бош мураббий вазифасини бажарувчи бўлишни сўрадик. Ишонамизки, Фредди бизни олдинга бошлай олади. Ҳозир янги бош мураббий қидирмоқдамиз, жараён якунига етгач буни эълон қиламиз», дейилади клуб расмий сайти хабарида.

Лондонликлар барча турнирлар доирасида 7 ўйинда ғалаба қозона олишмаётганди. Бу жамоанинг сўнгги 27 йилдаги энг ёмон натижасидир.

• 27.10.2019, АПЛ: «Арсенал» – «Кристал Пэлас» – 2:2; 
• 30.10.2019, Лига Кубоги: «Ливерпуль» – «Арсенал» – 5:5 (пен. 5:4); 
• 02.11.2019, АПЛ: «Арсенал» – «Вулверҳэмптон» – 1:1; 
• 06.11.2019, Европа Лигаси: «Витория» – «Арсенал» – 1:1; 
• 09.11.2019, АПЛ: «Лестер» – «Арсенал» – 2:0; 
• 23.11.2019, АПЛ: «Арсенал» – «Саутҳемптон» – 2:2.
• 28.11.2019, Европа Лигаси: «Арсенал» – «Айнтрахт» – 1:2.

Лондонликлар 22 йил давомида, Арсен Венгер бошқарувида (1996-2018 йиллар) бундай нохуш серия қайд этмаганди.

Эмери «Арсенал»ни 2018 йил баҳоридан буён бошқариб келаётганди. 2018/19 йилги мавсумда у жамоа билан Европа Лигаси финалига чиқди, аммо «канонирлар» финалда «Челси»га ютқазиб қўйди (1:4). Англия чемпионатининг 2018/19 йилги мавсумида «Арсенал» бешинчи ўринни эгаллади ва ЕЧЛда иштирок эта олмади.

Лондонликлар жорий мавсумда АПЛнинг 13 туридан кейин 18 очко жамғариб, турнир жадвалида 8-ўринда бормоқда.

Жамоага таклиф этилиши мумкин бўлган номзодлар орасида яқинда «Тоттенҳэм Ҳотспур» бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилган Маурисио Почеттино, айни вақтда «Манчестер Сити»да Хосеп Гвардиолага ёрдамчилик қилаётган, «Арсенал»нинг собиқ футболчиси Микель Артета, «Ювентус»нинг собиқ бош мураббийи Массимилиано Аллегри, «Борнмут» устози Эдди Ҳау ва «Вулверҳемптон» бош мураббийи Нуну Эшпириту Санту номлари бор.

Эмери жорий мавсумда АПЛ жамоаларидан ишдан бўшатилган учинчи мураббий бўлди, дастлаб «Уотфорд» Хавьер Грасияни ишдан бўшатиб, Кике Санчес Флоресни қайтарганди, «Тоттенҳэм»да эса Маурисио Почеттино ўрнини Жозе Моуриньо эгаллади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top