21:40 / 06.12.2019
1
33763

Нима учун витаминларга кўп пул сарфламаслик керак?

Инсонни бирданига гўзал ва соғлом қилиб қўядиган супердори ҳали ўйлаб топилганича йўқ. Сотувчилар гипнозига тушманг.

Кўзингизни юминг ва витаминларни тасаввур қилинг. Нимани кўрдингиз? Агар хаёлингизда сархил мева ва сабзавотлар билан тўлган идиш гавдаланган бўлса, катта эҳтимол билан бу мақола сиз учун эмас. Аммо биз шундай замонда яшаяпмизки, аксарият инсонлар «витамин» сўзини фақатгина бир қути таблетка билан боғлашади. Уларга атаб дорихоналарда алоҳида пештахталар ўрнатилган, реклама роликларида эса витамин комплексларини сотиб олиш ўта зарурлиги ҳақида бонг урилади. «Бунинг нимаси ёмон?», дерсиз. Бугун шу ҳақда маълумот берамиз.

Витаминлар ҳақида нимани билиш керак: назарий қўлланма

Витаминлар — организм ўз вазифасини тўғри амалга ошириши учун зарур бўлган моддалар гуруҳи. Инсон витаминларнинг катта қисмини овқат орқали қабул қилади. Аммо истисно ҳам мавжуд: D витамини ультрабинафша нури таъсирида ишлаб чиқарилади, A витамини танада аввалги авлоддан синтезланади, K ва B3 витаминлари эса ичак микробиотларидан ажралиб чиқади.

Ёғда эрийдиган витаминлар (A, D, E, K) организмда тўпланиш хусусиятига эга, сувда эрийдиган витаминлар (C ва B гуруҳи) эса тезда сув билан бирга чиқиб кетади.

Витаминлар бизга нима учун керак? Биз улардан қувват олмаймиз, улар ҳужайра ва тўқималар тузилишида иштирок этмайди. Аслида витаминлар бизнинг организмимизнинг ўзига хос ёрдамчилари ҳисобланади. Улар ферментларнинг тўғри ишлашига ҳисса қўшади ва баъзида гормонлар ролини бажариб, тартибга солиш вазифасини бажаради.

Минерал ионларни ҳам ёддан чиқармаслик зарур — ушбу неорганик бирикмалар осмотик босимни тўғри ушлаб туриш учун муҳим бўлиб, уларнинг баъзилари оқсиллар ва нуклеин кислоталари таркибига киради.

Инсон витамин ва минерал ионларни нималардан қабул қилиши мумкин?

Уларнинг манбалари ҳамма ерда бор. Сиз истеъмол қиладиган ҳар бир нарса ўзида витамин ва минераллар сақлайди. Ҳатто чипслар таркибида ҳам C, B6 ва калий витамини бор. Сутга, ун, тайёр нонушталар, сосискалар ва обакиларга ҳам витамин қўшилади. Аммо витамин ва минералларга энг бой манбалар мевалар, сабзавотлар, гўшт, балиқ, дон, нон ва сут ҳисобланади. Бундан ташқари, музлатилган маҳсулотлар ҳам витаминга бойликда янги ва сархил ҳолдагилардан ортда қолмайди.

Витаминлар комплексида нима нотўғри?

Ўзимизга керакли барча витаминларни битта дорида жамлаш имкони бордек туйилиши мумкин. Аммо ҳаммаси бунчалик оддий эмас.

Бир-бирига мослиги
Витаминлар юқорида айтилганидек ёғда эрувчи ва сувда эрувчи тоифага бўлинади. Сувда эрувчиларни сув билан ичиш керак, ёғда эрувчиларни ёғли таом тановули вақтида қабул қилиш керак (ахир ёғни ичиб бўлмайди-ку). Сувда эрувчилар тўпланмайди ва танадан тез чиқиб кетади, шу сабабли улар кунига бир неча марта қабул қилинади. Ёғда эрувчиларни эса аксинча, бир кунда бир маҳал ичиш кифоя. Шунингдек, улар рисоладагидек сақланиши учун таблетканинг турли қисмларида жойлашиши керак. Ҳамма ишлаб чиқарувчилар ҳам буни ҳисобга олмаслиги мумкин ёки таблеткани қандай тўғри қабул қилиш кераклигини йўриқномада кўрсатиб ўтишни шунчаки унутиб қўйишади.

Витаминларнинг тўғри парчаланиши ҳам уларнинг тўғри ишлашига кафолат бермайди.

Витамин ва минералларнинг ўзаро мослиги тўғрисида бутун бошли рўйхат мавжуд. Масалан, A ва K витаминларини яхшиси бирга қабул қилиш керак, кальций, магний ва рухни эса алоҳида. Шунга қарамай, ҳозирги кунга қадар пештахталарда номуносиб таркибий қисмли витамин комплексларини учратамиз. 

Номутаносиблик
Баъзи ишлаб чиқарувчилар биологик актив қўшимчаларга (БАД) қадоқда кўрсатилган натижани юзага келтириш учун ушбу жараёнга ҳисса қўшадиган хавфли таркибий қисмларни қўшади. Бу ножўя ҳолат озиш учун қўлланадиган воситаларда тез-тез кузатилади. Энг ачинарлиси эса ушбу ингридиентлар қадоқдаги таркибий қўшимчалар орасида кўрсатиб ўтилмайди.

Яна бир кенг тарқалган композицион номувофиқлик - дозалашдир. Ишлаб чиқарувчининг веб-сайтида бир маълумот кўрсатилса, қадоқда бошқаси ёзилади ва дорининг ичида умуман бошқа нарса бўлади. Ингридиентларнинг нисбати нафақат қутиларда, балки таблеткаларнинг ҳар бирида турлича ўзгаришда бўлиши мумкин.

Нархи
Бозорда мувозанатли ва ҳалол композицияга эга мультивитаминлар мавжудлиги ҳақида баҳслашмаймиз. Гиповитаминоздан азият чекувчилар кам эмас. Аммо улар кимлар? Кўпинча кам таъминланган оилалар ва қариялар. Биринчисида тўлақонли овқатланиш учун пул етарли эмас, иккинчи гуруҳда ёш ўтган сайин бошқа витаминлар ва минералларга нисбатан эҳтиёж ортади. 

Энди дорихоналардаги витамин комплексларининг ўртача нархини эслашга ҳаракат қилайлик. Парадокс шундаки, витамин қўшимчалари айнан улар учун ишлаб чиқарилгани иддао қилинадиган одамларнинг бунга пули етмайди.

Қандай қўшимчаларни қабул қилиш керак

Шундай бўлса-да, ҳамма витаминлар ҳам фойдасиз эмас. Дарҳақиқат, ҳатто мувозанатлаштирилган овқатланиш тарзига амал қиладиган одам ҳам маълум бир витамин ёки минерал етишмаслигини бошдан кечириши мумкин (аммо, поливитаминли комплексларда сақланадиган нарсаларнинг ҳаммасига нисбатан бирданига эмас). 

D витамини
У суякларнинг ўсиши ва кальций сўрилишида иштирок этади. D витаминини озиқ-овқат орқали олиш қийин, шаҳарда кечувчи ҳаёт тарзи эса узоқ вақт қуёш остида ястанишга имкон бермайди, шунинг учун дорихонадан қўшимчалар сотиб олиш мантиқий. 

Рух
С витаминидан фарқли ўлароқ, цинк шамоллаш билан курашишда ҳақиқатан ёрдам беради. Риновирус тарқалишининг олдини олади ва касаллик кечишини енгиллаштиради. 

Фолик кислотаси
Фолик кислотаси ҳомиладорликда жуда фойдалидир. У ҳомилада юзага келиши мумкин бўлган асаб тизими касалликларининг олдини олишга ва ҳужайралар ўсишига ёрдам беради.

Хулоса

Кўпгина витамин комплексларининг самарадорлиги исботланмаганига қарамай, фармацевтика компаниялари кўп миқдордаги қимматбаҳо ва мувозанатсиз мультивитаминли комплексларни ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда. Одамлар витамин тўпламларини чиройли қадоқларига ёки «қанча кўп витамини бўлса, шунча яхши» тамойилига кўра танлайди, баъзида витаминлар нималигини ва қандай ишлашини ҳам тушунишмайди. Албатта, дори-дармонлар бозорида ҳақиқатан ҳам яхши витамин комплекслари мавжуд, аммо бу ҳақида тушунчага эга бўлмаган одам хилма-хиллик орасида кераклисини шунчаки топиб танлай олмайди. 

Соғлиғингиздаги барча муаммоларингизни витамин етишмаслиги билан боғлашдан олдин, турмуш тарзингиз ва овқатланиш тартибини қайта кўриб чиқишингиз керак.

Витаминлар сеҳрли дорилар эмас. Улар сизни уйқусизлик, нотўғри овқатланиш ёки ёмон одатлардан халос эта олмайди. Агар шунда ҳам уларни сотиб олишга зарурат бор деб ҳисобласангиз, аввало шифокор билан маслаҳатлашинг. Сизга керак бўлган қўшимчаларнинг ўзинигина тўғри танлаб қабул қилиш кутилган натижага олиб келиши мумкин.

Назокат Қаршиева тайёрлади

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top