16:40 / 10.12.2019
0
2502

Сайловолди ташвиқоти қоидалари бузилгани тўғрисида шикоятлар келиб тушгани йўқ – МСК

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамовга кўра, шу пайтгача Марказий сайлов комиссиясига сиёсий партиялар ва номзодлардан сайловолди ташвиқоти қоидаларини бузганлик тўғрисида шикоятлар келиб тушмаган.

Халқаро матбуот марказида ўтказилган брифингда маълум қилинишича, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан ўтказилаётган депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари ва сайловолди ташвиқот тадбирларини мониторинг қилиб борилмоқда. Ўтган вақт давомида сиёсий партиялар томонидан жами 863 марта митинг ўтказилган, 2 мингга яқин ташқи реклама воситаларида баннерлар жойлаштирилган, номзодлар тўғрисида 1 миллиондан ортиқ плакат ва 7 миллионга яқин флаерлар тарқатилган.

Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар томонидан жами 21 минг 571 марта, номзодларнинг 6 мингдан ортиқ ишончли вакиллари томонидан эса 21 минг 295 марта сайловчилар билан учрашувлари ўтказилган.

«Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда олиб борилаётган мониторинг натижалари, шунингдек, «Ишонч телефони»га келиб тушаётган мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан олиб борилаётган сайловолди ташвиқоти ишлари ҳар бир сайловчигача етиб бормаган. Жойларда сайловчиларимиз депутатликка илгари сурилган номзодлар, уларнинг дастурий йўналишлари тўғрисида етарлича маълумотга эга эмас.

Бугунги кунда номзодлар хусусида кўргазмали кенг кўламдаги тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан номзодлардан томонидан аҳоли билан учрашувларни кучайтиришни талаб этади. Сайловолди ташвиқоти энг қизғин палласига кириб келмоқда, 11 кундан сўнг сайловолди ташвиқоти вақти тугайди. Шундан келиб чиқиб, сиёсий партиялар ва номзодларга сайловолди ташвиқотини янада фаоллаштириш, жойларда сайловчилар билан учрашувларни кўпайтиришни тавсия қиламиз. Зеро, бундан авваламбор сиёсий партиялар ва номзодлар манфаатдордир», дея Маҳмуд Истамовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов жойларда сайловолди ташвиқоти кўнгилдагидек олиб борилмаётгани, фуқаролар депутатликка номзодларни кўрмаётганидан шикоят қилаётганини айтганди.

Брифингда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан олинган дастлабки сайловчилар сонига уйма-уй юриш орқали аниқлик киритилгани, 9 декабрь ҳолатига умумий сайловчилар сони 20 529 590 нафарни ташкил этиши, 1 790 039 нафар сайловчи хорижий давлатларда тузилган сайлов участкаларига бириктирилгани маълум қилинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top