22:57 / 11.12.2019
2
35773

Маҳкумлар қачон президентдан афв сўраши мумкин?

Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган шахслар суд томонидан тайинланган жазонинг учдан икки қисмини ўташса, президентга афв сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлишади.

11 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова шу ҳақда тўхталиб ўтди.

«Маҳкум жазонинг учдан икки қисмини ўтасагина президентга афв сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Президентнинг 2018 йил 8 майдаги фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низомда бу қоида киритилган. Жазонинг учдан икки қисмини ўтаб бўлиб, кейин жазони ўташ муассасаси маъмурияти орқали ариза билан Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссияга мурожаат қилади.

Ариза комиссияга келиб тушгандан кейин тегишли ўрганишлар бошланади. Тавсифнома олинади, ким уни кафилликка олиши, оиласи ўрганилади. Жазони ўташ муассасаси маъмурияти у билан ишлайди, ўша колонияга биз бориб ишлаймиз. Шахсан ўзим бориб, маҳкум билан гаплашаман, кўзига қарайман, ҳақиқатан ҳам у тузалиш йўлига ўтганми-йўқми? Ва бошқа усуллар бор. Шулар асосида маълумот тўплангач, комиссия йиғилиш қилади ва ҳаммасини тарозига солиб бир хулосага келади. Президентга тақдим этса бўладими-йўқми?», деган Ортиқованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бош прокурор ўринбосарига кўра, авф этилишга номзодларнинг рўйхати шу тариқа шакллантирилади ва президентга тақдим этилади. Давлат раҳбари рўйхатдагиларнинг маълумотлари билан танишгач, конституциявий ваколатидан фойдаланган ҳолда ўзи маъқул деб топган шахсларни афв этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекади.

Тадбирда Ўзбекистон президенти 2019 йилда Рамазон ҳайити муносабати билан 575 нафар, Конституция куни муносабати билан эса 92 нафар фуқаро афв этилгани, озодликка чиқарилганидан сўнг авф этилган шахсларнинг ҳаётга мослашиб кетиши учун қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Конституция куни муносабати билан эълон қилинган фармонга кўра, 92 нафар шахс афв этилди. Улардан 79 нафари тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашганлар эди. Яъни афв этилганлардан 60-70 фоизи жиноят кодексининг жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш ва шу каби моддалар доирасида қилмишни содир этган инсонлар бўлган.

Мен улар билан бевосита суҳбатлашдим. Уларнинг кўпи тақиқланган материал, варақ, диск сақлаган, ватанига хоин бўлмаган, лекин ўша вақтдаги қонунчиликдаги оғир санкциялар туфайли узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган шахслар бўлган. Президентимиз кўпроқ шундай инсонларга афв беришни топшириқ қилиб бердилар. Қилмишидан қаттиқ афсусда экани ва бошқа ҳолатлар ўрганилди. Уларга президент томонидан имкон берилди.

Ҳозир ҳам Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия тўхтовсиз ишлайди. Тегишли тартибда мурожаат қилинса, биз кўриб чиқамиз. Фақат айнан шундай шахснинг ўзи мурожаат қилиши керак. Унинг яқини ёки бошқа таниши эмас», – дейди Светлана Ортиқова.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top