Ўзбекистон | 10:03 / 13.12.2019
10070
2 дақиқада ўқилади

«Лазги» Инсоният номоддий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилди

Фото: LiveJournal

«Хоразм Лазги рақси» Инсоният номоддий меросининг репрезентатив рўйхатига Ўзбекистон маданий меросининг элементи сифатида киритилди.

Бу ҳақдаги қарор Колумбиянинг Богота шаҳрида 12 декабрь куни ЮНЕСКОнинг Номоддий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси мажлисида қабул қилинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Тадбирда иштирок этаётган республиканинг ЮНEСКОдаги элчиси У.Шодиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси томонидан «Лазги» номинациясининг тантанали тақдимоти ўтказилди. Тақдимот чоғида бой тарихга ва бебаҳо маданий меросга эга бўлган давлат сифатида Ўзбекистон ЮНEСКОнинг Репрезентатив рўйхатига ўзбек халқи номоддий маданий меросининг кўплаб ноёб элементларини таклиф қилиши мумкинлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томони келгуси йилларда ушбу рўйхатга киритиш учун «Бахшичилик» санъати ва этник спорт турларини илгари суриши расман эълон қилинди.

ЮНEСКОнинг Номоддий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси «Лазги»нинг Инсоният номоддий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилишини овоз бермасдан, кенг консенсус асосида маъқуллади.

«Лазги» рақси бу рўйхатга номзод сифатида 2017 йили Ўзбекистондан Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамоат фонди тарафидан тақдим қилинган эди.

Шу пайтгача «Бойсун маданий муҳити», «Наврўз байрами», «Шашмақом», «Катта ашула», «Аския ижрочилиги», «Палов ва ош билан боғлиқ анъана ва қадриятлар» каби қадриятлар ЮНЕСКО Жаҳон номоддий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.

Мавзуга оид