23:46 / 19.12.2019
0
7441

Трамп 20 декабрь куни 2020 йил учун ҳарбий бюджетни имзолайди

АҚШ президенти Дональд Трамп 20 декабрь куни 2020 молиявий йил учун (1 октябрдан бошланган) ҳарбий бюджетни имзолаши кутилмоқда. Бу ҳақда Politico газетаси хабар берди.

Мудофаа бюджети 738 млрд долларни ташкил этади, бу 2019 молиявий йилдагига нисбатан 3,1 фоизга кўпдир (716 млрд доллар). Пентагоннинг асосий эҳтиёжларига 635 млрд доллар ажратилади, Афғонистон, Сурия, Ямандаги ҳарбий операцияларни давом эттириш ва бошқа давлатларда террорчиларга қарши курашишга 71,5 млрд доллар йўналтирилади. 31,5 млрд доллар миқдоридаги маблағ ядро қуролини шай ҳолатда тутиб туриш ва уни модернизация қилишга сарфланади.

Украинага ҳарбий ёрдам учун 300 млн доллар ажратилиши мўлжалланмоқда, бу ўтган молиявий йилдагига нисбатан 50 млн долларга кўпроқ.

Ҳужжат Туркияга бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини беришни тақиқлайди. Шунингдек, унда билдирилишича, Анқара томонидан Россиянинг С-400 зенит ракета тизими сотиб олиниши "Россиянинг Европа ва Евросиёдаги таъсирига қарши туриш” тўғрисидаги қонун моддасига тушади, бу эса президент томонидан санкция киритилишини кўзда тутади.

Бюджетда Пентагонга "турк учувчиларини ўқитиш учун фойдаланилган Туркиянинг олтита F-35 қирувчи самолётини Америкадаги авиабазада сақлаб туриш учун 30 млн долларгача маблағ сарфлашга" рухсат берилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top