16:14 / 20.12.2019
1
60759

Олий Мажлис депутатлигига номзодларнинг 4 нафари номзодликдан воз кечди

19 декабрга келиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун номзодини қайтариб олганлар сони 4 нафарга етди. Уларни ўз аризаларига мувофиқ номзодлик мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорлар МСК расмий сайтида эълон қилинган.

Тўрт нафар номзод тўртта партиядан илгари сурилган эди, натижада ушбу партиялар парламент сайловида 149та ўрин учун курашадиган бўлди. Эндиликда фақат ЎзЛиДеПда Олий Мажлис учун тўлиқ 150 нафар номзод қолди.

Қонунчиликка асосан, номзодлар сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Депутатликка номзод кўрсатиш эса сайловга 45 кун қолганида тўхтатилади.

Аввалига 19 ноябрь куни Экологик партия вакили Сайдулла Холиқов (79-Жарқўрғон округи), кейинроқ 6 декабрда Халқ демократик партиясидан Зокир Нуров (93-Паркент округи) ўз истагига кўра депутатликка номзодлар сафидан ўчирилган эди.

19 декабрь куни «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси Собир Шукуров (63-Каттақўрғон округи) ва «Адолат» СДП номзоди Абдували Мавлонов (54-Норин округи) ҳам ўз аризаларига биноан рўйхатдан чиқарилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Марказий сайлов комиссияси котибият мудири Худоёр Маматов мазкур ҳолатларни бошқача талқин қилмаслик керак, деб ҳисобламоқда.

Фото: Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот маркази

«Ўтган йиғилишларимизда бу очиқ-ойдин ошкор этилди. Қабул қилган қарорларимиз сайтимизда турибди. Яъни депутатликка номзодларимизнинг муддатидан олдин ўз номзодларини номзодлар рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги мурожаатлари. Бу мурожаатлар ҳам сайловчиларимиз томонидан турли хил талқин этилмоқда. Айниқса ижтимоий тармоқларда. Гўёки, у ёки бу номзодга сиёсий партиянинг ёки ижро ҳокимиятининг таъсири туфайли бу номзодлар ўзларининг номзодларини рўйхатдан чиқариш ҳақида сайлов комиссияларига мурожаат қиляпти, дея талқин қилиняпти.

Аслида Марказий сайлов комиссиясига бўлган мурожаатларнинг ҳар тўртталаси ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатликка номзодларимиз тўғридан тўғри Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилган. Ариза Марказий сайлов комиссиясининг йиғилишида кўриб чиқилган ва асослантирилган ариза бўлганлиги учун аризалар қаноатлантирилиб, қонуний қарор қабул қилинган.

Мамлакатимизда сайлов жараёнларига ижро ҳокимияти органлари ҳеч қандай аралашиши, таъсир қилиши мумкин эмас. Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган низомда тартиблари аниқ белгиланган. Ҳар қандай ноқонуний аралашув Ўзбекистон Республикасининг қонунларига биноан жавобгарлик масаласини келтириб чиқаради», – деди Маматов 19 декабрь кунги матбуот анжуманида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top