14:21 / 07.01.2020
0
3671

Ипак маҳсулотлари экспортини ошириш чоралари маълум қилинди

Бугун, 7 январь куни «Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг 2019 йил якунлари ва 2020 йилда амалга ошириладиган истиқболли режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Унда сўзга чиққан «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раис ўринбосари Олимжон Жумаев ўзбек ипак маҳсулотлари экспорти кўрсаткичларини янада ошириш учун ўзбек ипак матоларининг сифати яхшиланиши кераклигини айтди.

«Сифатли пилладан сифатли ипак бўлади. Европа брендларининг дастгоҳларини олиб келяпмиз. Япония, Корея, Хитойдан [дастгоҳлар] олиб келяпмиз. Лекин дастгоҳга мос келадиган маҳсулотни ҳам ўзимиз ишлаб чиқаришимиз керак. 

Бунинг учун ишни баргнинг сифатидан бошлашимиз керак. Барг сифатини яхшиланмас экан, сифатли пилла ололмаймиз», дея Олимжон Жумаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раис ўринбосари пилла сифатини ошириш масаласига ҳам тўхталди. 

«Битта пилладан 1,5 минг метргача ип чиқади. Ҳозирги кунда етарли даражада озуқаланмаган ёки озуқа емаган пилла 1,5 минг метрли ипакни бермайди. 400, 500, 600 метр бўлиб қолади ва узилувчан бўлади. Дастгоҳларга тўғри келмай қоляпти. Шунинг учун биз 2020 йилда бутун эътиборимизни озуқа базасига қаратяпмиз. Интенсив тутзорларни яратяпмиз. Ўрма тутзор бўлади. Олдингидек дарахт чопилмайди», дейди Олимжон Жумаев.

Матбуот анжуманида берилган маълумотларга кўра, соҳада экспорт ҳажми 2017 йилда 30,9 миллион доллар, 2018 йилда 50,7 миллион долларни ташкил қилган (ўсиш суръати 19,8 миллион доллар ёки 164 фоиздан кўп). 2019 йилда 65,2 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилиш прогнози ортиғи билан уддаланган, яъни йил якунига қадар бу кўрсаткич 70 миллион долларга етказилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top