16:12 / 08.01.2020
0
89870

Руҳоний Яқин Шарқда АҚШнинг «оёқларини кесиб ташлаш» билан таҳдид қилди

Фото: Iranian Presidency Office via AP

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймонийнинг америкаликлар томонидан ўлдирилишини инсон қўлини йўқотиши билан тенглаштирди ва бу ҳаракат жавобсиз қолмаслигига ваъда берди.

«Сиз генерал Сулаймоний билан боғлиқ ҳолатда қўлимизни кесдингиз. Биз эса минтақамизда оёқларингизни кесиб ташлаймиз», - дея Руҳоний сўзларидан иқтибос келтирмоқда Эрон нашрлари.

8 январь куни Эрон АҚШнинг Ироқдаги коалицион кучлари объектларига ҳужум қилди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, жами 15та ракета учирилган. Улардан 10таси Айн ал-Асад авиабазасига, биттаси Ироқ шимолида жойлашган Арбилдаги базага келиб тушган, тўртта ракета эса нишонгача етиб бормаган. Ироқ расмийлари Эрон томондан 22та ракета учирилганини маълум қилди.

Эрон АҚШ ҳарбий базаларига уюштирилган ҳужумни «муносиб жавоб» ва «ўз-ўзини мудофаа қилиш» деб атади.

«Эрон БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ ўз-ўзини мудофаа қилиш мақсадида бизнинг фуқароларимиз ва юқори мартабали шахсларимизга қарши қўрқоқларча ҳужум бошланган ҳарбий базани нишонга олиб, муносиб чоралар кўрди. Эрон кескинликни ошириш ёки уруш келтириб чиқариш учун ҳаракат қилмайди, бироқ ҳар қандай агрессиядан ҳимояланади», дея ёзди Эрон ТИВ раҳбари Зариф твиттердаги саҳифасида.

Кейинроқ Эрон давлат телевидениеси ушбу ҳужум оқибатида АҚШ ҳарбий хизматчиларидан 80 нафари ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатди. Эфирда ҳужум қурбонлари «америкалик террорчилар» деб аталган. Пентагон бу маълумотга изоҳ бермади, аммо аввалроқ ҳалок бўлганлар ҳақида ҳам маълумот келиб тушмаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг Ироқдаги Америка базаларига уюштирган ҳужуми юзасидан «кечроқ» баёнот беришни ваъда қилди. 

«Ҳаммаси яхши! Ракеталар Эрондан Ироқда жойлашган иккита ҳарбий база томон учирилган. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетмоқда! Бугунги кунда бизда жаҳондаги энг қудратли ва энг яхши таъминланган ҳарбийлар бор! Мен (Америка вақти билан) тонгда баёнот бераман», деб ёзди Трамп твиттердаги саҳифасида.

Аввалроқ Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоминаий америкаликлар минтақани тезроқ тарк этишлари зарурлигини таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний 3 январь куни Бағдоддаги аэропортда америкалик ҳарбийларнинг авиазарбаси оқибатида ўлдирилди.

Мавзу
Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши
Эрон ташқи сиёсати бунёдкори, Яқин Шарқ бўйича бош стратеги, Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги «Кудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний Бағдоддаги аэропортда АҚШ президенти Дональд Трамп фармойишига биноан ўлдирилди.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top