Ўзбекистон | 12:45 / 25.01.2020
9947
3 дақиқада ўқилади

«Бу нафақат парламентга, балки жаҳон ҳамжамиятига мурожаат» – Акмал Саидов

Халқаро пресс клубнинг Ўзбекистон Республикаси президентининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасига бағишланган сессиясида Қонунчилик Палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов сўзга чиқиб, Парламентга мурожаат қилиш механизмининг шаклланиши ҳақида маълумот берди.

«Президентнинг Парламентга мурожаати институти қадимий тарихий анъаналарга эга. Бу институт илк бор Англия Парламентида вужудга келган. Англия Парламентининг ҳар очилиш сессиясида қирол ва қиролича нутқ сўзлайди», - дейди Акмал Саидов. 

У АҚШда ҳам бу анъана мавжудлиги, бу анъана биринчи президент Жорж Вашингтон томонидан 1790 йилда Конгрессга оғзаки тарзда мурожаат қилиши билан вужудга келганини таъкидлади. 

«Парламентга мурожаат йўллаш – жуда демократик ва ҳокимият тармоқларини ўзаро келишувига ёрдам берувчи институт. Ўзбекистонда ҳам Парламентга мурожаат йўллашнинг ўзига хос тажрибаси тўпланди», дея ўз фикрларини билдирди Акмал Саидов.

Унинг қайд этишича, мурожаат қилиш учун қаерда сўзга чиқилишини танлаш ҳам муҳим. АҚШда Вакиллик Палатасида, Россияда Федерал Мажлисда – Кремлда сўзга чиқса, Ўзбекистон раҳбарининг мурожаатномаси янги Ўзбекистоннинг янги биносида – Конгресс ҳоллда ўқиб эшиттирилди. 

«150 депутат, 100 нафар сенатор, мамлакатдаги дипломатик корпус вакиллари ва онлайн тарзда 57та хориждаги ваколатхоналар ходимлари ва 8 мингга яқин маҳаллий кенгаш депутатлари иштирок этишди. 

Бундан ташқари, мурожаатнинг онлайн тарзда узатилиши хорижда ва мамлакатда қанчалаб инсонларнинг ўша пайтнинг ўзидаёқ кўриш имконига эга бўлишига ёрдам берди», - дея қайд этди Акмал Саидов. 

Унга кўра, Ўзбекистон онлайн тарзда узатиладиган Парламент мурожаатлари механизмларини ўрганиб чиқиб, ўз тажрибасини яратди. Шунинг учун кечаги мурожаатни нафақат Парламентга, балки Ўзбекистон халқига ва жаҳон ҳамжамиятига мурожаат деб баҳолаш мумкин. 

«Ўтган шу бир ҳафтани «Президентнинг Парламентдаги ҳафталиги» деб номлаган ҳам бўлар эдим. Шу бир ҳафтада 4 марта Парламентда чиқиш қилиб, ҳар маърузасида Имом Бухорий, Авлоний, Рузвельт каби жаҳон ва ўзбек алломаларининг сўзларини жуда ўринли келтириб ўтди. 

Олдинги мурожаатлар бир йиллик тарзда ифодаланган бўлса, 2020 йилги Парламентга мурожаатни Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги тараққиёт пойдеворини ташкил этувчи ғоялардан иборат бўлди, деб аташ мумкин», деди Акмал Саидов.

Мавзуга оид