Ўзбекистон | 11:18 / 10.02.2020
12342
2 дақиқада ўқилади

Йўловчи ва юкларни ташиш учун лицензияни эндиликда онлайн олиш мумкин

Йўловчи ва юкларни автомобиль транспортида ташиш учун лицензияни эндиликда my.gov.uz портали орқали олиш мумкин

Фото: KUN.UZ

Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан тадбиркорлик субъектларига лицензия олиш жараёнини сезиларли даражада соддалаштира оладиган “Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишга лицензия олиш” хизмати ишга туширилди.

Эндиликда ариза берувчи, йўловчилар ва юкларни ташишни амалга ошириш учун лицензия олишга қуйидаги ҳавола орқали ариза бериши кифоя, бунда зарур майдончалар тўлдирилади ва ариза тасдиқдан ўтиши 3 иш куни давомида кутилади.

Давлат хизмати кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварида йиғим ундирилади. Лицензия картасини бериш учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

Лицензияни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома ёзма ёки электрон шаклда бир иш куни ичида тақдим этилади, бу эса Ягона порталнинг яна бир афзаллиги ҳисобланади. Лицензияга банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган лицензия битими илова қилинади.

Хизмат Марказ, Ягона интегратор UZINFOCOM ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда ишга туширилган.

Мавзуга оид