Жаҳон | 10:50 / 23.02.2020
12620
2 дақиқада ўқилади

Трамп ўзи бош ролда бўлган Болливуд фильмлари қабилидаги видеони эълон қилди 

АҚШ президенти Дональд Трамп Демократик партиядан рақибини мағлуб этадиган ҳажвий роликни эълон қилди.  

Фото: REUTERS

Трамп Болливуд фильми асосида ишланган ва бош қаҳрамон ролида ўзи акс этган роликни твиттерда 23 февралда жойлаштирган. 

АҚШ президенти видеода “Бахубали: афсонанинг пайдо бўлиши” ҳинд фильми бош қаҳрамони қиёфасида намоён бўлган.

@Solmemes1 тахаллусли фойдаланувчи томонидан ишланган ролик сюжетига кўра республикачи Трамп Демократик партиядан рақибини мағлуб этиб, олқишларга сазовор бўлади. 

Видеода қаҳрамонлар қиёфасида, шунингдек, Трампнинг рафиқаси Меланияни, қизи Иванкани турмуш ўртоғи Жаред Кушнер билан ҳамда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модини рафиқаси билан бирга кўриш мумкин. 

Видеога изоҳда у Трампнинг 24-25 февраль кунлари Ҳиндистонга амалга оширадиган сафарига бағишлангани айтилган.

Трамп Twitter ижтимоий тармоғининг фаол фойдаланувчиси ҳисобланади. У ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали АҚШ ва дунёда юз бераётган сиёсий ҳамда ижтимоий воқеаларга ўз муносабатини билдириб келади.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид