13:42 / 12.03.2020
25009

Фазлиддин Умаров: «ҚҚС автомобиль нархи ошишига таъсир қилди дейилиши тўғри эмас»

12 март куни Миллий матбуот марказида Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти иштирокида «Амалга оширилган солиқ ислоҳотларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ва ишбилармонлик муҳитига таъсири» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. 

Фазлиддин Умаров / Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Унда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари UzAutoMotors автомобиллари нархининг ошишига ҚҚСнинг таъсири бўйича изоҳ берди.

“Қўшилган қиймат солиғи нархлар ошишига таъсир қилди дейилиши унчалик ҳам тўғри эмас. Нимага? Илгари фуқаро автотранспортни сотиб олгандан кейин давлат рақамини олишни расмийлаштиришда машина қийматидан 3 фоизлик солиқ тўлар эди. Мана шу бекор бўлди. Мана шу суммага мос равишда автомобиль саноатига бу сумма ўтказилди. Шу билан бир қаторда, машина ишлаб чиқариш билан боғлиқ акциз солиғи ҳам бор эди. Акциз солиғи ҳам бекор қилинди.

Агар ҚҚС машинанинг ошишига асосий таъсир қилувчи омил сифатида кўрсатади десак, нега “Дамас”нинг нархи 15 фоиз эмас 20 фоизга ошди-ю, лекин бошқа қиммат машиналарнинг нархи ошмади? Уларда ҚҚС йўқми? Бу муносабат унчалик ҳам тўғри эмас. 

Айнан ҳозирги ҳолатда ҚҚСнинг автомобиль нархининг ошишига таъсири йўқ. Чунки ҚҚС имтиёз бекор қилиниши билан бир қаторда, 3 фоизлик давлат божи бекор қилинди, у автосаноатга ўтказиб берилди, бундан ташқари, машина ишлаб чиқариш билан боғлиқ акциз солиғи ҳам бекор қилинди”.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарининг айтишича, машина ишлаб чиқариш билан боғлиқ акциз солиғи акциз солиғи 3 фоизни ташкил қилади. 

“Корхона 15 фоизлик ҚҚС тўлаяпти, 6 фоизи ёпилди дегани эмас. Корхона ҚҚС тўлашда барча 15 фоизлик юк корхонага тушмайди. Корхона ишлаб чиқариш билан қилган харажатларда буни ҳисобга олади. ҚҚСнинг умумий “нагрузкаси” 5-6 фоиздан ошмайди», - дея қўшимча қилди Фазлиддин Умаров.

Top