Ўзбекистон | 20:36 / 23.03.2020
21214
5 дақиқада ўқилади

Карантин учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Депутатлар томонидан карантин тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Фото: parliament.gov

23 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Муҳокама этилган лойиҳага кўра, Жиноят кодексига янги 244-5 модда киритилиб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. 

Депутат Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси пайтида одамлар орасида ваҳима уйғотишга қаратилган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳар хил шов-шувли маълумотлар, уйдирма ахборотлар тарқатиш  ҳоллар учраб турибди.

Шу туфайли, шундай маълумотни тарқатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 

Бундай маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатиш- базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Шунингдек, Жиноят кодекси янги 257-1 моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 

- базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд ёҳуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Ўша қилмиш одамларнинг, яъни кўпчиликнинг ўлимига сабаб бўлса етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам бир қатор қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу билан бирга карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқатилишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқатилиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик ҳамда Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Мавзуга оид