16:50 / 21.04.2020
6996

Шарҳловчи холис бўлиши керакми?

Фото: Getty Images

Бирор-бир футбол ўйинидан кейин энг кўп «гап эшитадиган тараф» ким биласизми? Футболчилар? Йўқ, улар ҳам келаси сафар вазиятни ўнглаб, олқиш олиш имкониятига эга бўладилар. Мураббийлар ҳам шу. Вазиятдан доим ютқазишда чиқадиган қатлам бу шарҳловчилардир. Телеграм каналида «Карантиндаги шарҳловчи» рукни остида айнан шу мавзуда Станислав Мининнинг фикрлари чиқди. У ўз тажрибаси асосида, бундай вазиятларда қандай қилиб, танқидлардан қутулиб қолиш борасида мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

«Шарҳловчи нейтрал бўлиши керакми? Ёки саволни бошқача қўйсак: у қайсидир клубга мухлис бўлиб, яна ўша клуб ўйинларида ишлаши мумкинми?

Кўпинча, мендан қайси жамоага мухлислик қилишимни сўрашганида, эфир вақтида шарҳни яхши ўтказиб олиш ҳақида ўйлайман, қолгани муҳим эмас, деб жавоб бераман. Аксарият шарҳловчиларда аллақачон профессионал деформация рўй бериб бўлган ва аслида улар ҳеч қайси жамоага мухлислик қилмай қўйишган. Жуда кўп шарҳловчилар билан шахсан танишман, фақат баъзиларида аниқ билиниб турадиган мухлислик бор – уларни шундоғам ҳамма билади.

Лекин барибир, мухлислар доим шарҳловчи эфирда қайсидир клубга мухлислик қиляпти, деб ҳисоблайдилар ва қизиғи, одатда, шарҳловчи айнан уларнинг жамоаларига қаршидек туюлади. Эл-Класикода кейин айнан бир шарҳловчини ҳам «реалчи», ҳам «барсачи» дейдиганлар топилади. Айниқса, Россия чемпионатида ишлайдиган ҳамкасбларимга ҳавас қилиб бўлмайди – бир мавсумда улар «Спартак», ЦСКА, «Динамо» ва «Краснодар»нинг «ашаддий мухлиси» бўлиб улгурадилар.

Нима қилиш керак? Ўзи бирор нарсани ўзгартириш шартми?

Олдиндан айтиш мумкин, агар шарҳловчи ўз терма жамоаси ёки клубларнинг халқаро ўйинларини шарҳласа, мухлислик қилиш мумкин ва лозим. Ўша клуб сенга ёқадими ёки йўқ, мураббийини яхши кўрасанми ёки йўқ, фарқи йўқ. Маҳаллий телевидениеда ўша жамоанинг мухлиси ролини ўйнашинг шарт, чунки томошабин ҳам сен билан бирга мухлислик қилади. Бу ерда шарҳловчига қийинчилик туғилмайди, аксарият ҳолларда бу вазифани яхши эплайдилар.

Асосий муаммо чет эл чемпионатлари, еврокубоклар ёки терма жамоалар ўртасидаги ўйинларда рўй беради. Бу ерда энг муҳими – ўзини яширишга ҳаддан зиёд уринмаслик. Яъни агар шарҳловчи «Реал» мухлиси бўлса, билинтириб қўймай деб, ўзини уни ёмон кўрадигандек тутмаслиги керак. Сизга ишонишмайди. Ёки ишонишади – бу унданам баттар.

Агар шарҳловчига бир жамоанинг ўйини бошқасига нисбатан кўпроқ ёқса, бунинг ёмон томони йўқ. Аслида Гвардиола шайдоси бўлиб туриб, ўзини Моуриньоча футбол тарафдоридек тутиш ярашмайди. Бундай вазиятларда, «нейтрал» деган ўлчовга ҳам тупуриб қўйиб, нимани яхши кўрсангиз, шундан завқ олиш лозим бўлади. Шарҳловчи ҳеч қачон робот бўлмаслиги керак. Бу касб ҳиссиётни, шахсиятни талаб қилади, гапирувчи машинани эмас. Микрофон қаршисида ўтириб, ўз туйғуларини ва симпатияларини беркитмаслик керак. Дахлсизлик эмас, холислик энг муҳими.

Баъзи файласуфлар бу фикрларни ўқиб, холислик ҳеч қаерда, айниқса, футболда мавжуд эмаслигини айтишлари аниқ. Қатъий баҳолаганда, улар ҳақ, лекин шу билан бирга, унақа ўлчовларда шарҳловчиларнинг у ёки бу клубга муҳаббатини ҳам ҳеч ким холис баҳоламайди. Мен шартли холислик ҳақида фикр юритяпман. Хўш, буни қандай тушуниш керак?

Биринчиси, ўйинни тушунишга ҳаракат қилиш. Агар ўйинни тушунсангиз, ким вазифани уддалаётгани ва ким буни эплай олмаётганини аниқ кўра оласиз. «Барселона» бугун ажойиб, чунки мана бу, мана буларни яхши амалга оширяпти. «Спартак» бугун жуда ёмон ўйнаяпти, чунки мана бу, мана бу вазифаларни эплай олмаяпти. Сиз ўз нуқтайи назарингизни билдирасиз. Услуб, тил ва бошқаси ўзингизга ҳавола.

Иккинчиси. Сиз томошабинни ҳеч нарсана даъват қилмайсиз, уларга ақл ўргатмайсиз. Сиз шунчаки, микрофонда у эмас, сиз ўтирганингиздан фойдаланиб, ўз қарашингизни олий ҳақиқатдек, бошқаларга сингдиришга уринмайсиз. Сиз томошабин билан биргаликда томоша қиляпсиз, у нимани кўрса, сиз ҳам шундай. Сизда диалог шаклланиши керак. Ҳа, баъзида бу мунозара ҳам бўлиши мумкин. Лекин мунозарада бошқача фикрловчи тарафга эътироз бўлмаслиги керак. Аслида, томошабинлар томонидан энг кўп танқидларнинг асоси шу, шарҳловчининг ҳаддан зиёд босими туфайли, улар диалогни ҳис қилишмайди.

Учинчиси. Бир жамоанинг ҳужумини таҳлил қилаётиб, аввал мақтайсиз, ана ундан кейин камчиликларни тилга олиб, танқид қилиш лозим. Бу ҳам бир машқ. Аввал қайси ҳаракат ё комбинация яхши бажарилганини эътироф этиб, мақтайсиз. Кейин хатоларни тилга оласиз. Қайси жамоа ҳужум қилиб, қайсиниси ҳимоя қилаётганидан қатъи назар.

Тўртинчиси. Ўйин қоидаларини билиш. Такрорлаб, изланиб туринг.

Бешинчиси. Менимча, энг муҳими. Энг катта эътирозлар шарҳловчи ҳакамнинг қарорларини ўзича талқин қилиш ҳолатларидан келиб чиқади. Голни ҳисоблади. Ёки ҳисобламади. Пенальти берди ёки бермади. Футболчини майдондан четлатди. Ҳакамда ҳам, шарҳловчи учун ҳам бундай вазиятлар lose – lose ҳисобланади.

Нима қилиш керак? Аниқ рецепт йўқ, лекин шахсий тажрибадан айтиш мумкин. Ўзим учун бир қоида ишлаб олганман – ҳали такрорий намойиш бўлмагунча, ҳеч қандай баҳо бермаслик керак. Фақат фактлар. Масалан, ҳакам пенальти белгилади. Футболчилар пенальти талаб қилишмоқда, қўл билан ўйналганини ишора қилишмоқда. Ҳакам ҳуштак чалмади. Ёрдамчилари билан маслаҳатлашмоқда. Ҳакам такрорий вазиятни кўргани кетди. Ва ҳоказо. Фақат экранда кўриниб турган ҳодисалар, тамом.

Кейин, такрорий лавҳалар кўрсатилади. Вазиятда ҳакамнинг кўзи билан қарашга уриниб кўринг. Сиз кўриб турганингизни эмас, ҳакам нималарни кўриб, шу қарорга келаётганини тушунишга ҳаракат қилинг. Унинг фикрлаш жараёнини очиқлашни бошланг. У айнан қайси нуқталарга эътибор қаратди, урғу берди? Гўёки сиз томошабин билан бирга ҳакамлар лабораториясидасиз ва улар билан бирга эпизодни ўрганмоқдасиз.

Бу жуда оддий ва тушунарли позиция. Сиз ҳакамнинг профессионал экани ва сиз билан биздан яхшироқ билимга эгалигидан келиб чиқиб фикр юритасиз. Унинг қачондир «Атлетико»нинг ўйинини бошқариб, Диего Костани майдондан четлатганидан келиб чиқмайсиз. Ҳакамнинг бобоси Мадриднинг бир чекка қишлоғида туғилгани учун, «Реал» мухлиси бўлиши мумкинлигидан келиб чиқмайсиз. Ҳакам вазиятни талқин қилади, сиз эса, нега айнан шундай трактовка юзага келганини англашга, англанишга уринасиз, холос.

Агар бу қоидаларга риоя қилсангиз, қайси жамоа мухлиси эканингизнинг аҳамияти қолмайди».

Иқтибос тугади.

Ҳақиқатан ҳам, футбол шарҳловчиларимизнинг энг кўп танқид қилинадиган жиҳати у ёки бу жамоага ён босишдир. Мен танийдиган шарҳловчиларнинг қисман қайси жамоага мухлис эканларини билсам ҳам, аслида, айбловлар бироз ноўрин, менимча.

Ўтган йили «Қўқон 1912» жамоаси ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилганди. Ҳисобни меҳмонлар очган, иккинчи бўлим охирларида қўқонликлар ҳисобни тенглаштирганди. Ўшанда шарҳловчи Хайрулла Ҳамидовдан кўп «пахтакорчи» мухлислар хафа бўлгандилар – Хайрулла ака «Пахтакор»нинг голидан кўра, мезбонларнинг голига эҳтирослироқ реакция берган, баландроқ овоз билан «гол» деб айтган. Хўш, бу нохолис шарҳми?

Холисликни ҳар ким турлича тушунади. Шарҳловчи учун холислик бу – футболни холис мухлисдек томоша қилиш ва шарҳлаш. Тасаввур қилинг, «Пахтакор»га ҳам, «Қўқон»га ҳам мухлис бўлмаган, холис томошабин телевизорда бу учрашувни кузаятпти. Хўш, унинг қайси жамоа голига реакцияси кучлироқ бўлади? Беихтиёр қайси жамоага мухлислик қилади? Табиий равишда, кучсизроқ жамоага, чунки «Қўқон»нинг голи ўйинни янада қизитиб юбориши мумкин.

«Ливерпуль» – «Сити» учрашувида мезбонлар Маненинг голидан кейин 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Ўйин охирларида эса, Силва бир гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Ўшанда шарҳловчилар тандеми «Ливерпуль»нинг учинчи голидан кўра, «Манчестер Сити»нинг биринчи голига кўпроқ хурсанд бўлишганида, айниқса, кўп «Ливерпуль» мухлислари уларни нохолисликда айблагандилар. Хўш, гап уларнинг нохолис эканликларидами, яъни улар «Сити» мухлисими? Йўқ, шарҳловчи ўйин сценарийсидан, янада қизиб кетишидан манфаатдор – Маненинг голи ўйинни совитган бўлса, Силванинг голи яна жонлантирди, сўнгги 10 дақиқа янада қизиқроқ ўтишини таъминлади.

Умуман, агар мавсум давом этадиган бўлса, «Ливерпуль»нинг ҳар бир мағлубияти унинг чемпионлигини шунчага кечиктиради ва турнирдаги интригани ушлаб туради. Шунинг учун ҳам бутун дунё уларнинг (ёки бошқа лигадаги пешқадамларнинг) мағлубиятидан алоҳида севинишлари нормал ҳолат. Шарҳловчи ҳам баъзида ўша кайфиятни эътиборга олиб, томошабин билан айни тўлқинда бўлишида ёмон тараф кўрмаяпман.

Умуман, «Барселона» дарвозасига «Леванте»нинг голини бақириб нишонлаган шарҳловчи бу ишни «Реал» мухлиси экани учун қилмайди. Шунчаки, бу гол ўйиндаги интригага ижобий таъсир қилишини, бу эса, шарҳланаётган ўйиннинг янада қизиқроқ, шиддатлироқ ўтишига замин яратишини билгани учун хурсанд бўлади. Албатта, гап баҳсли вазиятларни, ҳакамнинг қарорларини бир томонлама баҳолаш, бир томонни ортиқча мақтаб ёки ёмонлаб юборишнинг мавзуга алоқаси йўқ. 

Шарҳловчининг шу шаклда ўйин кайфияти билан ҳамоҳанг бўлиши, сценарий билан мос равишда эмоция кўрсатиши мутлақо табиий ва жуда керакли жараён. Холис баҳо бериш илинжида доимий равишда мувозанат ҳақида ўйлаш, ҳар икки тарафнинг тенглиги борасида қайғуриш шарҳни жонсиз, зерикарли қилиб қўяди.

Қаҳрамон Асланов

Top