Ҳарвардда Ўзбекистон ҳақида ёзилган биринчи тўлиқ кейс нашрдан чиқди
Ўзбекистонлик иқтисодчи – Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобиловнинг ҳаммуаллифликдаги қўлланмаси Ҳарвард бизнес мактаби ўқув режасига киритилиши кутилмоқда.
Ботир Қобилов профессор Жонас Хиз билан ҳамкорликда «Ўзбекистон капитал бозорини қуриш» номли ўқув қўлланмасини ишлаб чиқди.
Ушбу қўлланмадан Ҳарвард бизнес мактабининг «Бизнес таҳлили ва уни баҳолаш» курсида фойдаланиш режалаштирилган.
Қўлланма талабаларга бирмунча вақт олдин халқаро ҳамжамиятга очилган, ривожланаётган капитал бозорига мисол сифатида тавсия этилади. Унда йирик салоҳиятга эга мамлакатда капитал бозорининг пайдо бўлиши ҳақида сўз боради.
Қўлланмада капитал бозорини мувофиқлаштириш соҳасидаги камчиликлар, жумладан, капитал бозорини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кўплиги, аҳоли молиявий саводхонлигининг пастлиги, эмитентлар фаолияти ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида очиқлаш тизими, молиявий ҳисобот стандартларининг халқаро стандартларга тўлиқ мос келмаслиги каби камчиликлар кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг бир қатор халқаро молия институтлари, хорижий регуляторлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, битимлар имзолагани ҳам таҳлил этилган.
Ҳаммуаллиф Ботир Қобилов қўлланманинг яратилиши ҳақида шундай дейди:
«Ҳарвардда асос солинган, дунёга машҳур «case-method», яъни бизнес-кейс асосида дарс бериш методологияси мавжуд. Бу каби кейсларни аввал кўп ўқиганман, ҳатто ўз вақтида Дьюк ва Стенфорд университетларида бакалавр йўналишдаги талабаларга Клейтон Кристенсеннинг кейслари бўйича курсга ассистентлик қилган эдим.
Бу дарс бериш усулида ўқув қўлланма ёзилади, унда жамоа, бизнес, саноат ёки ҳукумат олдида турган реал вазиятлар, ечилиши керак бўлган масалалар баён қилинади. Дарсдан аввал ва дарс жараёнида талабалар бир-бирлари билан муҳокама қилиб, ечимларни таклиф қиладилар ва тавсиялар беришади. Дарснинг охирида эса ўша қўйилган вазият қандай якун топгани профессор ва кейсда тилга олинган меҳмон томонидан эълон қилинади ва талабалар хулоса қиладилар.
Дарс жараёни жуда қизиқ ва интерактив ўтади, профессорлар лексия ўтмайди ва ҳар бир талабанинг қатнашиши талаб этилади.
Қисқаси, умуман Ўзбекистон ҳақида, у ердаги бизнес ёки иқтисодиёти ҳақида ҳали бирорта кейс ёзилмаган экан. Ҳарвардга келганимдан бери бу ҳақда ёзишга ният қилгандим. Яқинда ҳаммуаллиф профессор билан биринчисини чоп этдик. Бу – Ҳарвард тарихида Ўзбекистон ҳақида тўлиқ ёзилган биринчи кейс.
Кейсда Ўзбекистон ҳақида, иқтисодиёти, ислоҳотлар ҳақида қисқа ва холисона маълумот берилган. Энг асосий мавзу – капитал бозори янгидан ислоҳ қилинаётгани, унинг истиқболлари ва ушбу жараёнларда Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг ўрни.
Бозор иқтисодиётига ўтишда капитал бозори, ундаги иштирокчилар, қонунчилик, аҳолининг молиявий саводхонлиги, шахсий мулкнинг дахлсизлиги ва бошқа омиллар тилга олинади. Ривожланаётган мамлакатда капитал бозорининг деярли нолдан бошлаб ислоҳ қилиниши бу қизиқ жараён ва эксперимент деса ҳам бўлади. Талабалар учун бу ўрганиш учун яхши имконият, нима қилиш керак, нима қилиш керак эмас ва ҳоказо.
Ушбу кейсни кейинги семестрда МБА йўналишида таҳсил оладиган 1000дан ортиқ талаба учун мажбурий ўқув дарслиги сифатида киритамиз. Энг муҳими, бу кейс бизда ўқув дарслик бўлиб, бир неча йил давомида ишлатилади.
Бошқа университетлар ёки ўқитувчилар уни олиб ўзларида дарс беришларини ҳам ҳисобга олсак, ушбу кейснинг қамрови кенг.
Forbes, Financial Times, Wall Street Journal колонкасида ёки реклама қисмида чоп этиладиган Ўзбекистон ҳақидаги маълумотлардан кўра, ушбу кейснинг қамрови кенгроқ ва мазмунлироқ.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керак, Ҳарвардда ҳар қандай кейс фақат профессор ва тадқиқотчилар ташаббуси билан, фақат дарсда муҳокама қилиш учун яратилади. Ушбу кейслар дастлабки маълумотларнинг манбалари, уларни тасдиқлаш, бошқарувнинг, шахсларнинг самарали ёки самарасизлигини намойиш этиш ва уни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланмаган. Кейс нейтрал ва холисона ёзилади.
Бу кейсни Harvard Business Publishing чоп этгани бу университетнинг Ўзбекистонга қизиқишини ифодалайди, деб баландпарвоз янгиликларни ўйлаб топишнинг ҳожати йўқ. Университет маъмуриятининг ўқув жараёнига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳар бир профессор мутлақ мустақил ва ўзи берадиган дарсга нимани киритиш керак, деб ҳисобласа, ўшани киритади.
Кейслар университетнинг мулки ҳисобланади ва бу ерда муаллифлик ҳуқуқларига жуда жиддий қаралади. Шунинг учун каналимда, оммавий ахборот воситаларида ва бошқа ҳеч қаерда уни ёзма ва расмий рухсатсиз тарқатиш мумкин эмас. Кейснинг тўла мазмуни ҳақида кейинроқ маълумот берсам керак.
Хуллас, ушбу кейснинг менга тўғридан тўғри манфаати йўқ. Талабаларга, ўқув жараёнига ва Ўзбекистонга фойдаси тегади, деган умидда ва мамлакатни бироз бўлса ҳам кенг ҳамжамиятга «тақдим этиш» мақсадида ёзган эдим. Масалан, бу каби кейслар орқали мамлакатга қизиқиш қайсидир маънода ортади. Ҳарвардда MBA, executive education йўналишида ўқиган ҳар бир талаба – бу потенциал инвестор, бозор иштирокчиси. Мен бунга Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар мисолида шахсан амин бўлдим.
Умид қиламанки, бу кейс Ўзбекистон ҳақида мен ёзган охирги ўқув қўлланма эмас».
Маълумот учун, Ҳарвард бизнес мактаби – АҚШнинг Массачусетс штати Бостон шаҳрида жойлашган ўқув муассасаси. 2019 йил бошидаги рейтингга кўра, MBA (Master of Business Administration – Бизнес бошқаруви магистри) дастурининг ўқитилиши бўйича дунёда 2-ўринда қайд этилган.
Мавзуга оид
11:59
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
11:30 / 21.12.2024
Қўрқмас жангчи – Саддам Ҳусайннинг набираси америкалик аскарларга қарши қандай жанг қилганди?
19:29 / 20.12.2024
Reuters: Байден администрацияси Украинага охирги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилишга тайёрланмоқда
13:43 / 20.12.2024