Бухорода кўп қаватли уйларнинг 204тасига жиддий зарар етган, табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда
Бухородаги табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
«Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш, ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни, шу жумладан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини ишчанлик ҳолатига келтириш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда.
Кучли шамол оқибатида зарар етказилган кўп квартирали уй-жойларни таъмирлаш, уйларга туташ ҳудудлардаги объектларни қайта тиклаш борасида ҳам ишлар самарали йўлга қўйилган.
Ушбу мақсадларда табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларда ҳозир бўлган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиев кўрсатмаси асосида Бухоро вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида тезкор штаб ташкил этилиб, биринчи навбатда етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш ишлари ташкил этилди. Табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг биринчи даражали эҳтиёжларини тўлақонли қондириш, хусусан ичимлик суви муаммоси ва бошқа ҳаёт учун зарурий шароитларни тиклаш ва таъминлаш ишларига уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари сафарбар этилди», дейилади Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати хабарида.
Тезкор штаб томонидан ташкил этилган ўрганишлар жараёнида вилоятдаги мавжуд 1881та кўп квартирали уй-жойларнинг 204тасига жиддий зарар етказилгани маълум бўлди.
Жумладан, табиий офатдан энг кўп миқдорда зарарланган Олот туманидаги «Халқобод» МФЙ ҳудудида жойлашган 26та кўп квартирали уйларнинг 25таси, Қоракўл туманидаги 29та кўп квартирали уйларнинг 27тасида том қисмлари зарарлангани қайд этилди.
Табиий офат электр энергияси таъминоти, алоқа ва табиий газ етказиб бериш тизимларини ишдан чиқариб, сув таъминоти иншоотлари ва қувурларига ҳам сезиларли даражада шикаст етказгани маълум бўлгач, ўша куннинг ўзидаёқ захира куч-воситалар жалб қилиниб, Олот ва Қоракўл туманларининг барча аҳоли яшаш масканларига ташима сув етказиб бериш йўлга қўйилган.
Орадан икки кун ўтиб эса тезкор таъмирлаш-тиклаш гуруҳлари томонидан авария ҳолатлари бартараф этилиб, аҳолининг ичимлик сув таъминоти қайта тикланган.
«Мана ҳодисадан бор-йўғи бир ҳафта ўтиб, табиий офат оқибатларини бартараф этиш борасидаги фидокорона меҳнатнинг дастлабки натижалари кўзга яққол ташланиши билан одамлар кайфиятида ҳам ижобий ўзгаришлар, эртанги кунга ишонч ва умид ифодаси кўрина бошлади.
Ана шу қисқа фурсатда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ташаббускорлигидаги мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида Олот ва Қоракўл туманларидаги жами 52та кўп квартирали уйларнинг том қисмини тезкорлик билан тиклаш мақсадида 13та пудрат ташкилотлар жалб қилиниб, айни кунда барча уйларда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Шундан 2та уйнинг том қисми тўлиқ тикланиб, 15та кўп квартирали уйларнинг профнастилгача бажарилиши лозим бўлган ишлари ҳам якунланди.
Шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасининг туманлардаги бўлимлари саъй-ҳаракати билан пудратчи ташкилотлар жалб қилиниб, Бухоро шаҳридаги 8та, Когон шаҳридаги 3та, Пешку тумани марказидаги 4та, Шофиркон шаҳарчасидаги 3та ва Жондор туман марказидаги 1та кўп квартирали уйларнинг том қисмлари тўлиқ тикланди.
Аҳоли пунктларида табиий офат оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик, транспорт ва энергетика инфратузилмаси ҳамда бошқа ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни, уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш объектларини тиклаш ва ишчанлик ҳолатига келтириш каби долзарб масалалар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг диққат марказида бўлиб, ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Муайян мақсад йўлида аниқ манзилни кўзлаб қилинаётган ҳаракатлар эса самара беришига ҳеч қандай шубҳа йўқ», дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
14:55 / 28.12.2024
Бухорода Ҳайработ каналида чўкаётган 16 ёшли қиз қутқариб қолинди
17:11 / 16.12.2024
Термизда турар жой биносининг сувоғи шамол туфайли кўчиб тушди
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
15:29 / 03.12.2024