Жамият | 21:05 / 08.05.2020
29997
6 дақиқада ўқилади

Томсиз ва токсиз қолган Олот: кучли шамол оқибатлари қандай бартараф этилмоқда?

27 апрель куни Туркманистон ҳудудидан кириб келган кучли шамол Бухоро ва Навоий вилоятларига қаттиқ зарба берди. Табиий офат уйларнинг томини учирибгина қолмасдан, электр ва газ таъминоти линияларини ҳам узиб ташлаган.

Бухоро вилоятининг Туркманистон билан чегарадош Олот, Қоракўл ва Ромитан туманларида айниқса талафот катта бўлган. Шунингдек, Когон ва Шофиркон туманларида ҳам зарар кўрганлар бор.

Олот тумани сари бор эканмиз, Қоракўл туманидан ўтувчи йўл устидаёқ кучли шамол оқибатларини кўриш мумкин эди — аксарият уйларнинг томи учиб кетган.

Олотда эса буткул бошқача манзара устидан чиқдик. Бу ерда томига зарар етмаган уй қолмаганди ҳисоб.

Биз Олотга борган 4 май куни қаттиқ ёмғир бошланиб қолди. Айрим уйларнинг томида ишлаётган усталар ҳам ишни вақтинчалик йиғиштиришга мажбур бўлишди.

Ёмғир кучайгандан кучая бошлади. Шамолдан азият кўрган маҳаллаларда бўлдик. Томи қайта ёпилишга улгурилмаган уйлардан чакка ўта бошлаган эди.

Яна бир коттежда истиқомат қилаётган ёш оила давлат томонидан ёрдам сифатида тахта ва профнастил ажратилгани, бироқ усталар масаласида муаммо бўлиб турганини айтди. То устига вақтинча ташланган клеёнка ҳам уларни чакка ўтишидан сақлаб қололмади.

Бундай табиий офатни ҳеч ким кутмагани рост. Унинг оқибатлари жуда аянчли. Айниқса, Олот туманида. Шунинг учун офат оқибатларини бартараф этиш бўйича вилоят штаби шу туман марказидаги спорт мажмуасида жойлашган.

Мажмуа стадионида (президент Ш.Мирзиёев шу ерда маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашган эди) шифер, ойна, тахта каби қурилиш материаллари аҳолига рўйхат бўйича пайдар-пай тарқатилмоқда.

Дастлаб шу ерда аҳоли вакиллари билан гаплашиб турган Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Йўлдош Жумаевга қилинаётган ишлар бўйича мурожаат қилдик.

Вилоят ҳокими ўринбосари Олот туманида 15 мингдан ортиқ оиланинг 1 миллион квадрат метрдан ортиқ том ёпма қисми тикланиши кераклиги айтиб ўтди. Шунингдек, талафот кўламига кўра, уч хил даража шакллантирилгани, Олот тумани ва Қоракўл туманининг бир қисми энг катта талафот кўргани сабабли биринчи навбатда шу ҳудудларга ёрдам берилаётганини маълум қилди. Айни пайтда табиий офат оқибатларидан тозалаш ишлари якунлангани, бунда маҳаллий аҳолининг ўзи, вилоятдаги кўнгилли ташкилотлар, ёшлардан иборат кўнгиллилар катта ёрдам бергани айтиб ўтилди.

Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова билан туманда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гаплашдик.

Ҳоким аҳолининг кайфияти яхши экани, одамлар давлатнинг қўлловини ҳис қилиб туришганини айтиб, ҳозирча фақат Олот шаҳрида электр линиялари тиклангани, бошқа жойларга электр энергияси ҳануз узатилмагани ҳам тиклаш ишлари бироз секин боришига сабаб бўлаётганини айтиб ўтди. Чунки дурадгорлар ишлатадиган станок ва асбоблар электр токида ишлайди.

Ҳозир Олотда том ёпадиган усталар етишмаётгани ҳам бор гап. Бу масалада вилоят ҳокими ўринбосари Й.Жумаев ишларни тезлаштириш учун 7та тумандан усталар жалб қилинаётгани, аҳолига усталар учун сарфланаётган пуллар ҳам ҳисоб-китоб билан қоплаб берилишини айтди.

Вилоятда табиий офатдан жабр кўрган катта-кичик саноат корхоналари ҳам бор. Масалан, Қоракўл туманида ишга туширилганига 2 кун бўлган, темир-бетон буюмлари тайёрлайдиган «AMIRZODA TRADE» МЧЖга қарашли корхона деворлари ва томи кучли шамолга дош бермасдан йиқилган. Тадбиркор Жасур Турдиевнинг 680 тонна цементи яроқсиз ҳолатга келиш хавфи остида қолган.

У банкдан олган кредитларини музлатиш, имкони бўлса моддий ёрдам берилишини сўрамоқда.

Ёш тадбиркор бу борада туман ҳокими Шерали Саломовга мурожаат қилганида ҳоким тадбиркорга ҳеч қандай ёрдам берилмаслигини маълум қилган. Бунга сабаб тадбиркор бошқа бир масалаларда (ҳали бу масалани ҳам алоҳида ўрганамиз ва ёритамиз — таҳр.) туман ҳокими устидан юқори инстанцияларга шикоят қилган экан.

4 май куни Олотда ишлар бирмунча тўхтаб қолган эди. 5 май куни Қуёш чарақлаб чиқиб, ишлар яна жадаллаштирилди. Яъни, тез кунларда фалокат оқибатлари тўлиқ бартараф этилади.

Kun.uz таҳририятига Бухоро вилоятининг Когон, Шофиркон каби ҳудудларидан келаётган мурожаатларда одамлар ушбу туманларда ҳам шамолдан зарар кўрган хонадонлар борлиги, бироқ маҳаллий ҳокимлар ҳеч қандай ёрдам ажратилмагани боис, маҳалла раисларига одамларни тинчлантириб туриш вазифаси юклатилганини баён этишган.

Шунингдек, шу Олот туманида жабр кўрган аҳоли ўртасида тақсимланаётган қурилиш материалларининг саноғи ва ҳисобини юритишга маҳалла оқсоқоллари масъул қилиб белгилангани, айрим маҳаллаларда маҳалла раислари таниш-билишчиликка йўл қўйишаётганини билдиришган.

Бундай мурожаатлар Олот сафаридан қайтганимиздан кейин таҳририятга келиб тушди. Улар бўйича мутасаддиларнинг фикрини билишга улгурмадик. Ўйлаймизки, ушбу мақоладан сўнг Бухоро вилоятидаги мутасаддилар Олот ва Қоракўл туманларининг аҳолиси билан чегараланиб қолмасдан, қолган туманлардаги жабрдийдаларга ҳам эътибор қаратиб, вазиятни назоратга олишади ва ҳеч кимни норози қилишмайди.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи

Мавзуга оид