Жамият | 16:17 / 11.05.2020
74406
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилоят транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи қўлга олинди

Андижон вилоят транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи М.А. пора олаётган вақтида қўлга олинди, деб Kun.uz`га маълум қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Иллюстратив фото

Хабар қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Шаҳрихон туман бўлими томонидан фуқаро К.К.нинг мурожаатига асосан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

«Андижон вилоят транспорт бошқармаси бўлими бошлиғи М.А. фуқаро К.нинг махсус рухсатномасиз аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиб келаётгани ҳолати бўйича жарима майдончасига қўйилган «Нексия» русумли автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш ҳамда ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига 1 млн сўмни фуқаро М.Ш. орқали пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган», – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Наманганда 30 сотих ер учун тадбиркордан 5 минг доллар сўраган шахс ушланди

Юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Наманган шаҳридан ер ажратиб беришни ваъда қилиб, тадбиркордан пул ундирмоқчи бўлган фирибгар қўлга олинди.

Хабар қилинишича, Департаментнинг Наманган вилоят бошқармасига якка тартибдаги тадбиркор А.Х. мурожаат қилиб, «М.» исмли шахс Наманган шаҳар Машад мавзесидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 0,3 гектар ер майдони олиб бериш масаласини ҳал қилиш эвазига ундан 5 минг доллар талаб қилиб, аванс тариқасида олдиндан 500 доллар беришини сўраётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

«Тадбиркорнинг важларини текшириш мақсадида Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Ш. ЯТТ А.Х.дан юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали юқоридаги манзилдан 0,3 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 300 доллар ва 1,9 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган», – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан М.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид