10:57 / 20.05.2020
18321

Инқирозга қарши чоралар, доллар курси ва қишлоқ хўжалиги. Эксперт билан суҳбат

MFactor лойиҳаси доирасида Массачусетс технология институти битирувчиси, бизнес таҳлилчиси Нодир Нурматов билан суҳбат уюштирилди. Эксперт карантиндан сўнг бизнесни сақлаб қолиш бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.

Фото: YouTube/ MFaktor

Ўзбекистон иқтисодиётни сақлаб қолиш борасида қайси ишларни тўғри амалга оширмоқда ва қандай хатоларга йўл қўйилмоқда?

— Назаримда, Ўзбекистон девальвация қиладиган вақт келиб қолди. Уч йилдан бери курс барқарор ушлаб турилибди, коридор жуда ҳам тор. Ўзбекистон буни олтин кучи билан ушлаб турибди. Ўзбекистоннинг олтин қазиб чиқариши, сотишини ҳисоблаб чиқдим. 2019 йилда 2000-йиллардан бери биринчи марта сотилган олтин миқдори қазиб чиқарилган олтиндан кўпроқ бўлиши мумкин. Бунгача ҳар доим кўпроқ қазиб чиқарилгани кўп бўларди.

Расмий маълумотлар чиқмаганида мен шундай ҳисоб-китоб қилгандим. Ҳозир расмий маълумотларни кутиб туриш керак. Бу дегани бизнинг ер тагидан чиққан олтинимиз долларга айланиб, чет элга чиқиб кетяпти. Сўмимиз мустаҳкам бўлганидан кейин биз учун чет элнинг товари арзонроқ тушади-да, ички ишлаб чиқарган товаримиз рақобатбардошлигини йўқотиб қўйяпти. Ўзбекистоннинг ичида 40 фоиздан ортиқ божхона тарифлари бор. Лекин экспорт қилишга бизнинг товаримиз рақобатсиз бўляптими, деб ўйлаб қоламан. Менимча, ҳозир сал девальвация керак. Агар девальвация бўлса, ўзбекистонликларга чет эл товари қимматроқ бўлади-да, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари товарларини кўпроқ оламиз. Бизнесга катта ёрдам бўлади.

Сизнингча, доллар курси йил охиригача ошадими? Ошса, қанчагача?

— Бундай прогноз қилиш қийин нарса, айниқса Ўзбекистон шароитида. Чунки бу ерда валютанинг нархи очиқ бозордаги савдо-сотиқда эмас, кўпроқ сиёсийроқ томондан аниқланади. Адашишим мумкин, лекин менинг фикримча, 2020 йил охирига бориб, расмий курс 12 минг сўмга келиб қолса керак.

Ўзбекистонда қишлоқ шароитида қандай бизнесларни амалга ошириш мумкин?

—Бу йил дунё миқёсида озиқ-овқат инқирози келиб қолиши мумкин. Америка мисолида айтсак, уларда янгиликларда кўп очилади. Фермерлар молларини эвтаназия қилиб ўлдириб қўйишяпти. Лекин дўконларда гўшт йўқ. Нима учун? Карантин туфайли логистика – уни сўйиш, сақлаш, етказиб бериш занжири бузилган. Мисол учун, кўп фермерларни кўрсатишди, минг тонналаб сутларни ҳожатхоналарга тўкиб юборишяпти. Чунки мактаблар ёпиқ, қайта ишлашга айнан у фермада қувват йўқ. Етиб бориши керак бўлган жойга боргунича ҳайдовчилар карантинда бўлгани учун сут ачиб қоляпти.

Африкада эса қишлоқ хўжалиги экинларини чигиртка еб қўйяпти. Бу йил Жаҳон банки ҳисоб-китоби бўйича 1,3 миллиард одам очликка дуч келиши мумкин. Россия дон маҳсулотларининг энг катта экспортчиси ҳисобланади. Бизга гречка ва бошқа дон маҳсулотлари Россиядан келади. Буғдой ва картошка Қозоғистондан келади. Улар товарларни ўзимизга қолдирамиз деб чегарани ёпиб қўйишди. Бу йил баҳор фаслида карантин туфайли кўп мамлакатларда экиш мавсуми кечикиб кетди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг иқтисодиётдаги улуши катта. Бу одатда яхши кўрсаткич эмас. Ривожланган давлатларда қишлоқ хўжалиги 2-4 фоизни ташкил этса, бизда менимча 30 фоиздан ортиқ эди. Бу йил Ўзбекистоннинг кучи шунда бўлади. Озиқ-овқат етказганларнинг бозори ҳар доим яхши бўлади. Бу инқирозга қарши бизнес. Одамларнинг иши яхшими, ёмонми ҳар доим овқат ейиши керак.

Менимча, товарлар тез бузилишининг олдини олиш, эҳтимол қуритиб қўйиш керакдир. Гўшт етказиб бериш – жуда ҳам зўр бизнес.

Ўзбекистон ва Қозоғистон океанга чиқа олмайди, буни камчилик деб ҳисоблашади. Бизнинг энг катта океанимиз – Хитой. Нима етказсак ҳам истеъмол қилинади. Саудия Арабистони, Эронга ҳам гўшт маҳсулотларини музлатилган ҳолда юбориш мумкин.

Шунинг учун озиқ-овқат бизнеси билан шуғулласангиз, бу йил бундан яхши бизнес бўлмаса керак.

Тўлиқ суҳбатни MFactor’нинг Youtube’даги саҳифаси орқали томоша қилиш мумкин.

Top