Жамият | 09:50 / 10.06.2020
8960
3 дақиқада ўқилади

«Бухорога ёрдам» акциясида йиғилган пуллар етказилди

Kun.uz сайти саховатпеша ҳамюртларимизнинг хайрия маблағларини марказлашган тарзда муҳтожларга етказиш ва хайрли ишларга сабабчи бўлиш мақсадида «Бухорога ёрдам» хайрия акциясини ўтказган эди. Унда йиғилган маблағларни 27 апрель куни Бухоро вилоятининг айрим туманларида кучли довулдан зарар кўрган ватандошларга тақдим этиш режаланган эди. 

Хайрия акциясида 99 млн сўм маблағ йиғилди. 1 июнь куни Kun.uz мухбирлари Бухоронинг Шофиркон, Жондор, Қоракўл ва Олот туманларида бўлиб, имкон қадар ҳақиқий ҳақдорларни топишга ҳаракат қилган ҳолда ҳар бирига 3 млн сўмдан 30дан ортиқ оилага ҳамюртларимиз маблағларини етказди.

Дастлаб Шофиркон туманининг «Искогаре» маҳалласида табиий офатдан талафот кўрган учта хонадонга ҳамюртларимиз ёрдами етказилди. 

Сўнгра Жондор туманидаги айрим хонадонлар эгаларига маблағлар тақдим этилди. 

Олот туманига боришдан аввал, Қоракўл туманида йўл ёқасидаги маҳаллаларга кирилиб, ёрдамга муҳтожлиги юзларидан билиниб турган оилаларга хайрия маблағларидан тақдим этилди. 

Қош қорая бошлаганида Олот туманига етиб борилди. Табиий офатнинг асосий зарбаси айни туманга тўғри келган эди. Шу боис, маблағларнинг катта қисми ушбу туманда тарқатилди. 

Таъкидлаш ўринлики, сафаримиз чоғида моддий аҳволи ўта оғир 2-3 оилага ҳам дуч келинди. Уларнинг айримлари, бизларнинг журналистлар эканимизни билгач, ўзларининг дардларини ҳам сўзлаб кетишди. 

Хусусан, Олот тумани, Наврўз маҳалласидаги бу онахон Маҳмудова Пўлатой хола 1952 йилда туғилган бўлиб, оғир хасталикка чалинган. Унинг қизининг сўзларига кўра, маҳалладан ҳеч ким оила ҳолидан хабар олмайди. Фарзандига бериладиган пулни онахонга берилган ёрдам сифатида ҳисоблашмоқда. Турмуш ўртоғи Россияга кетганида у ёқда ҳам карантин чоралари кучайтирилган ва мусофирчиликда у ҳам ишсиз қолган. 

Албатта, саховатпешалик, ҳалимлик миллатимизга хос фазилат. Сирдарё вилоятининг Сардоба сув омбори ўпирилишидан жабр кўрган ҳамюртларимизга ҳам халқимиз баҳоли қудрат ёрдам қўлини чўзган эди.

Бухороликлар учун уюштирилган хайрия акцияси ҳам жуда чиройли тарзда якунланди.

Азиз ва қадрдон юртдошлар! Сизнинг оз-кўп қилган эҳсонларингиз ўз эгаларига етказилди. Кимки бу хайрли ишга бош қўшган бўлса, Аллоҳдан унга чандон-чандон кўпайиб қайтишини ва охиратга захира бўлишини сўраб қоламиз. Хайрли ишлардан асло чарчаманг!

Мавзуга оид