Жаҳон | 20:29 / 23.06.2020
40752
2 дақиқада ўқилади

Россия суди Тоҳиржон Жалиловнинг қарздорлигини 500 млн рубль деб топди

Жалиловнинг банкротлиги 2019 йил ноябрдан бери давом этмоқда, ҳакамлик суди унга нисбатан қарзларни реструктуризация қилиш жараёнини белгилаган.

Фото: spb.adlr.ru

Воронеж области ҳакамлик суди GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ бош директори, Воронеждаги Uz-Daewoo автомобиллари дилери ва «Км/ч» автосалонлар тармоғининг собиқ эгаси, ҳудудда банкротлик эълон қилган Тоҳиржон Жалиловнинг 500 млн рублга яқин қарздорлигини кредиторлар реестрига киритди. Бу ҳақда «Коммерсант» газетаси ёзмоқда.

«Возрождение» банки бизнесменнинг кредиторлар талаблари реестрига бир нечта кредит шартномалари, қарз фоизлари ва комиссиялар бўйича 209,68 млн рубль киритганди.

Санкт-Петербургдаги «Аудиторско-консалтинговая юридическая фирма «Объединенная юридическая коллегия»  МЧЖ кафиллик шартномаси бўйича 299,22 млн рубль қарз билан Жалиловнинг банкротлигига қўшилди.

Жалиловнинг банкротлиги 2019 йил ноябрдан бери давом этмоқда, ҳакамлик суди унга нисбатан қарзларни реструктуризация қилиш жараёнини белгилаган. «Возрождение» банки 2019 йил мартда 502,99 млн рубль қарздорлик сабабли Жалиловнинг банкротлигини талаб қилганди.

«Км/ч» автосалонларидаги молиявий муаммолар ҳақида 2016 йилда, уларнинг юридик шахслари Инвестторгбанк ва «Возрождение» банкидан банкротлик тўғрисидаги даъвони олганида маълум бўлганди. Салонлар Uz-Daewoo, Ravon, Iveco, ZAZ, Skoda ва Volkswagen автомобилларини сотган. Барча салонлар 2014 йилда олинган кредитларга ўзаро кафил бўлган, Россиядаги тармоқ асосий юридик шахсларининг қарзи 20 млрд рублдан ошиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Жалилов 2017 йилдан буён «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси раиси лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Мавзуга оид