Жаҳон | 08:18 / 23.06.2020
10116
2 дақиқада ўқилади

Трамп 2020 йил охиригача баъзи ишчи визалар берилишини тўхтатди

АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йил охиригача баъзи вақтинчалик ишчи визалар берилиши тўхтатилиши ҳақидаги фармонни имзолади.

“Президент Дональд Трамп америкалик ишчилар коронавируснинг иқтисодий оқибатларидан ўнгланишимиз давомида биринчи ўринни эгаллашлари учун баъзи визаларнинг тўхтатилишини йил охиригача узайтирмоқда”, дейилган Оқ уй хабарида.

Ушбу фармон H-1B, H-2B, H-4, L-1 визалари ва J-1 визасининг баъзи турларига тааллуқли бўлади.

H-1B визалари тажрибали ишчилар учун қўлланади ва технология соҳасида кенг қўлланади. H-2B визалари мавсумий ишчиларга қўлланади. H-4 визалари эса H-1B визалари эгаларининг турмуш ўртоқларига берилади.

J-1 визалари олимлар, тадқиқотчиларга, L-1 визалари эса компаниянинг хориждаги бўлимидан АҚШдаги бўлимига кўчирилиб ўтказилувчиларга берилади.  

АҚШнинг иммиграция кенгаши маълумотларига кўра, АҚШга ҳар йили J-1 визаси бўйича 300 мингга яқин киши келади. 

“Вақтинчалик ишчиларга кўпинча турмуш ўртоқлари ва фарзандлари ҳамроҳлик қилади. Улардан кўпчилиги америкалик ишчилар билан рақобат қилади. Одатий ҳолатларда вақтинчалик бандликнинг тўғри ташкиллаштиришган дастурлари иқтисодиётга фойда келтириши мумкин. Бироқ коронавирус сабабли юзага келган иқтисодий пасайиш вақтида бундай бандликка рухсат берувчи баъзи ноиммиграцион виза дастурлари америкалик ишчилар бандлигига хавф солади”, дейилган фармонда.  

Виза чекловлари жорий йил охиригача амал қилади ва зарурат бўлса узайтирилиши мумкин. Бироқ ушбу фармон ҳозирда АҚШда қолаётган хорижий ишчиларга таъсир қилмайди.

Аввалроқ Трамп пандемия шароитида ишсизлик катта кўламга етгани сабабли америкалик ишчиларни ҳимоя қилиш мақсадида “грин-карталар” берилишини вақтинчалик тўхтатувчи фармонни имзолаганди.

Мавзуга оид