12:47 / 09.07.2020
3678

Airbus ишчилари қисқартиришларга қарши норозиликлар уюштиришди

Дунёнинг энг йирик авиаконцерни Airbus ходимлари раҳбариятнинг инқироз туфайли 15 минг ходимни қисқартириш бўйича режаларига қарши иш ташлаш эълон қилишди.  

Фото: Thomas Starke / Getty Images

Касаба уюшмаси вакилларининг таъкидлашича, Airbus‘нинг бизнесни қайта ташкиллаштириш ва оммавий қисқартиришлар билан боғлиқ чоралари “ҳаддан ташқари” ҳисобланади ва компания бу билан ўз етказиб берувчиларига ёмон ўрнак кўрсатмоқда. Маълум қилинишича, иш ташлаш акциясига 8 минг ишчи қўшилган. Норозилар Франциядаги Тулуза-Бланьяк аэропорти учиш-қўниш йўлакларидан бири бўйлаб юриб ўтишни режалаштиришган.  

Airbus вакиллари ушбу норозиликларга изоҳ бериш илтимосига июнь охирида компания бош директори Гийом Фори берган баёнотга ишора қилишган. Форининг баёнотда таъкидлашича, авиация соҳаси ўз тарихидаги энг оғир инқирозга тўқнаш келган. 

Airbus пандемия сабабли инқироз ёқасига келиб қолган. 2020-2021 йиллар давомида компания маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоизга қисқартиради. Жумладан, энг харидоргир A320 сериясидаги самолётлардан ойига кўпи билан 40 тадан чиқариш режалаштирилган. Ваҳоланки, 2019 йилда ойига ишлаб чиқариладиган самолётлар сонини 60 тадан 63 тагача ошириш муҳокама қилинган.  

Top