Ўзбекистон | 10:11 / 13.07.2020
37397
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 60дан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирусга чалинган 67 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Жорий йилнинг 10 июль куни Шайхонтоҳур туманида яшовчи 67 ёшли М.Т. (аёл)да Covid-19 тасдиқланган. Шу куниёқ ўткир нафас етишмовчилиги сабабли беморнинг аҳволи оғир бўлганлиги учун Зангиота юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Шифохонада унга Covid-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган.

Шунингдек, беморда гипертония касаллигининг 2-даражаси, артериал гипертензия, қандли диабет, сурункали холецистит каби ҳамроҳ касалликлар бўлган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бу Ўзбекистонда коронавирус туфайли қайд этилган 61-ўлим ҳолати бўлди.

Шу вақтгача Тошкентда 36, Бухоро, Сурхондарё ва Наманганда 4, Жиззах, Самарқанд ва Навоийда 3тадан, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ва Қорақалпоғистонда биттадан ўлим рўй берди. Ҳозирга қадар фақат Андижон ва Сирдарё вилоятларидагина вирус қурбонлари қайд этилмади.

Мавзуга оид