11:42 / 25.07.2020
17662

Эронда уриб туширилган Украина самолётининг қора қутилари расшифровка қилинди

8 январь куни Эронда уриб туширилган Украина йўловчи самолётининг қора қутиларидаги маълумотлар расшифровка қилинди.

Фото: Picture Alliance

Олинган маълумотларга кўра, самолётга ташқи таъсир бўлгани тасдиқланган.

«Ukraine International Airlines» авиакомпаниясига тегишли бўлган ва 8 январь куни Эронда уриб туширилган самолёт бортидаги қора қутиларнинг маълумотлари расшифровка қилинди. Олинган маълумотлар самолётга ташқи таъсир бўлганини тасдиқлади», - деди Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Евгений Енин.

«Энди келаси ҳафтада Эрон билан дастлабки музокараларни ўтказамиз», - деб қўшимча қилди мулозим.

«Ukraine International Airlines» авиакомпаниясининг Boeing 737-800 йўловчи самолёти Теҳрон – Киев йўналишида PS752 рейсини амалга ошириши лозим эди. 8 январь куни эрта тонгда «Имом Ҳумайний» аэропортидан ҳавога кўтарилган авиалайнер ракеталар билан уриб туширилди.

Самолёт бортидаги 167 йўловчи ва 9 экипаж аъзосининг барчаси ҳалок бўлди. Эрон ҳукумати 11 январь куни авиалайнер ҳарбийларнинг хатоси туфайли уриб туширилганини тан олди.

Кейинчалик, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) аэрокосмик кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода самолётнинг уриб туширилиши билан боғлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Мавзу
Эронда Украина самолёти ҳалокати
Эронда 8 январь куни «Украина халқаро авиалиниялари» (МАУ)нинг Boeing 737 самолёти ҳалокатга учради. Унинг бортидаги 180га яқин киши ҳалок бўлди.
Барчаси
Top