15:16 / 26.07.2020
43281

Аё София: Греция ва Туркия ўртасидаги зиддият кучаймоқда

Сўнгги кунларда Туркия ҳамда Аё Софиянинг ибодатга очилишига қарши кескин муносабат билдирган Греция ўртасидаги зиддият тобора кучайиб бормоқда.

Фото: Getty Images

Аё Софияда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған иштирокида жума намози ўқилаётган пайтда Грециядаги кўплаб черковларда мотам қўнғироқлари янгради, баъзи черковларда эса байроқлар ярмига қадар пастга туширилди.

Салоникида турк байроқлари ёқилди.

Ушбу мамлакат бош вазири Кирьякос Микотакис жума куни Туркияни «муаммо яратувчи» деб атади. «Бугун Истанбулда кўрсатилган нарса куч-қудрат эмас, балки заифлик белгисидир», дея таъкидлади у.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳами Аксой Юнонистоннинг шанба куни қилган реакциясига жавоб қайтарди. «Юнонистон Аё Софиянинг ибодатга очилишига муносабат билдириш баҳонасида ислом дини ва Туркияга бўлган нафратини яна бир бор намойиш қилди. Юнонистон ҳукумати ва парламент аъзоларининг жамоатчиликни душманона баёнотлар билан қўзғатаётганини ва шонли байроғимизни Салоникида оммавий равишда ёқиб юборилганини кескин қоралаймиз», деди у.

Аксой Грецияни «Европанинг беадаб болалари» деб таърифлади. «Тарихдан сабоқ чиқармаган бу ирқчи раҳбарлар байроғимизга Эгейда ҳурматсизлик қилганларнинг аҳволи не кечгании яхшилаб бир эсга олишлари керак. Греция 567 йилдан буён уйғонмаган Византия тушидан уйғониши ва бунинг заҳмидан халос бўлиши даркор», деди у.

Греция Ташқи ишлар вазирлиги бунга ёзма баёнот билан жавоб берди. «XXI асрнинг халқаро ҳамжамияти бугун Туркиядаги диндор ва фанатик миллатчиларнинг бемаъни гапларини ҳайрат билан кузатмоқда», дейилади баёнотда.

Туркиянинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси матбуот котиби Ўмер Челик ҳам жим турмади. «Юнон фашистларини қўллаб-қувватлаган сиёсатчиларни қоралаймиз. Байроғимизни ёқиб юборган фашистлар кеча Аё София масжидида байроғимиз остида бирлашган миллатимизнинг нима демоқчи бўлганини яхши англашлари лозим», деди у твиттердаги саҳифасида.

Эрдўған: Аё София ўз аслига қайтди

24 июль куни Аё София Туркия Вазирлар Кенгашининг музейга айлантириш тўғрисидаги қарори бекор қилингандан сўнг мусулмонлар ибодати учун очилди.

Шу куни бўлиб ўтган жума намозида презедент Эрдўған ҳам иштирок этди. У Аё Софиядан чиққач, Фотиҳ Султон Меҳмет қабрини зиёрат қилди. Ташрифи давомида қилган нутқида эса «Энди бу жой ўз аслига қайтди», деди.

Аввалбошда черков бўлган ушбу бино 1453 йилда масжидга, 1934 йилда эса музейга айлантирилган.

«Биз жаноб Баҳчели (Туркия Миллатчи ҳаракат партияси (МҲП) раҳбари ва собиқ бош вазир ўринбосари – таҳр.) билан республиканинг президенти сифатида 86 йиллик жараённи ўз кучимиз ва суд ҳокимиятининг ҳақиқати билан якунладик. Эндиликда бу жой асл ҳолатига қайтди. Бу масжид эди, яна масжидга айланди. Масжид сифатида барча имонлиларга хизмат қилишда давом этади, бутун инсониятнинг маданий мерос сифатида турли динларга мансуб одамлар ташриф буюрадиган жойга айланади», деди Эрдўған.

Top