Ўзбекистон | 09:52 / 06.08.2020
10139
6 дақиқада ўқилади

Ўзини ўзи банд қилганларни солиқ органларида рўйхатга олиш тартиби маълум бўлди

Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотлар базаси (регистр) меҳнат органлари томонидан яратилади ва параллел равишда ЯММТда шакллантириладиган жисмоний шахснинг шахсий ишга жойлашиши тарихига интеграция қилинади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳамда тадбиркорлик субъектларига ёлланган ходим сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат фаолияти доимий яшаш манзилида ёки ишлар (хизматлар) буюртмачиларига тегишли жойларда амалга оширилади (деҳқон бозорларидаги савдо расталари ва павильонлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ажратилган махсус жойлар бундан мустасно).

Ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди.

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган фуқаро Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига ишсизга тўланадиган ишсизлик бўйича нафақани ҳамда касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида стипендияни ололмайди.

Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди. Бунда, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолиятидан ташқари олинган даромадлари Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиққа тортилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахс махсус мобиль илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтади.

Бунда, ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан махсус мобиль илова ёки шахсий кабинет орқали сўровнома тўлдирилади.

Сўровномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), рўйхатдан ўтказиш электрон рақамли имзо орқали амалга оширилган ҳолатлар бундан мустасно;
  • Низомга иловага мувофиқ амалга ошириладиган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари;
  • ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини юритишнинг мўлжалланаётган манзили;
  • ўзини ўзи банд қилган шахснинг мобиль телефон рақами ва у билан боғланиш мумкин бўлган бошқа маълумотлар.

Сўровномада ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт серияси ва рақами, яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасида мавжуд маълумотлар асосида автоматик тарзда шаклланади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар доимий яшаш жойидан қатъи назар улар меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд бўйича давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахсга махсус мобиль илова ёки шахсий кабинет орқали унинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома юборилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларга маълумотнома чекланмаган муддатга берилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказишда ҳақ ундирилмайди.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан ижтимоий солиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда тўланади.

Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Агар ўзини ўзи банд қилган шахс ўз меҳнат фаолиятини муайян муддатга тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар давлат солиқ хизмати органига фаолиятни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисидаги билдиришномани махсус мобиль илова ёки шахсий кабинет орқали юборади.

Солиқ органлари томонидан олинган ўзини ўзи банд қилган шахснинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришнома ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат фаолиятини амалга оширмайдиган даврда ижтимоий солиқни тўлашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар махсус мобиль илова орқали қуйидаги имкониятлардан фойдаланиши мумкин:

  • буюртмаларни ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни қабул қилиш;
  • юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш;
  • мобиль илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш;
  • ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш;
  • кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдириш.

Мавзуга оид