Ўзбекистон | 12:36 / 07.09.2020
6339
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тасдиқланди  

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжат Президентнинг 17.06.2019 йилдаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5742-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
 
Norma’нинг ёзишича, низом Президентнинг 17.06.2019 йилдаги ПФ-5742-сон Фармони билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси доирасида фойдаланишга киритилаётган ер майдонларига, деҳқон хўжаликлари, илмий-тадқиқот ташкилотлари, уларнинг филиаллари ва илмий тажриба станциялари ер майдонларига татбиқ этилмайди.
 
Қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари, Давергеодезкадастрга қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилган майдонларнинг контурлар кесимидаги электрон хариталарини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига ҳар йили 1 сентябрга қадар қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш натижаларига мувофиқ туманларни ва ҳудудларни (массивларни) ихтисослаштириш бўйича аниқ таклифларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этиб бориш вазифаси топширилди. 
 
Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш қуйидагиларга асосланади:

  • фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг ихтисослашуви ва таклифлари;
  • ички ва ташқи бозор талаблари;
  • ҳудудларнинг табиий иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик даражаси;
  • суғориладиган ва лалми ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини таҳлил қилиш.

Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом билан давлат бошқаруви органлари, хусусан қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари, Давергеодезкадастр ҳамда бошқаларнинг қишлоқ хўжалиги экинларини самарали жойлаштириш тизимини ташкил этиш, уларни жойлаштириш бўйича ишларнинг мониторингини юритиш вазифалари ҳам белгиланган.
 
Ҳужжат 25.08.2020 йилдан кучга кирган.

Мавзуга оид