Light | 00:44 / 07.09.2020
78995
2 дақиқада ўқилади

Юрак учун фойдали 9 та маҳсулот маълум қилинди

Фото: Depositphotos / gregorylee

Замонавий ҳаёт суръати ва носоғлом овқатланиш юрак-томир тизими ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Туркиялик парҳезшунос шифокор Фотима Байсал Юсуфнинг таъкидлашича, соғлом юрак гарови тўғри овқатланиш ҳисобланади. У бунинг учун овқатланиш рационига қўшилиши керак бўлган маҳсулотларни санаб ўтди.

Мутахассиснинг айтишича, саримсоқ томирларга яхши таъсир кўрсатади ва юрак-томир касалликлари хавфини камайтиради. Юсуфнинг тавсиясига кўра, ҳар куни бир бўлак саримсоқ ейиш керак. Бундан аввал уни яхшилаб эзғилаб олиш лозим.

Балиқ ва балиқ ёғи тромблар ҳосил бўлишига қаршилик кўрсатади, уларда сақланувчи омега-3 ёғ кислоталари юқори даражадаги антиоксидант хусусиятларга эга. Шифокор грил ёки буғда пиширилган балиқни ейишни тавсия қилган.

Ёнғоқ ва фундук омега-3 кислоталари, Е витамини, магний ва клетчаткага бой. Мутахассис ҳафтада уч мартагача фундукдан 6-7 дона, ёнғоқдан эса 2-3 дона истеъмол қилишни тавсия қилган.

Зиғир уруғлари ҳам юрак-томир касалликлари олдини олади. Мутахассис кунига бир ош қошиқдан майдаланган зиғир уруғини йогурт ёки суюқ овқатга қўшиб тановул қилишни тавсия қилган.

Сули, жавдар ва кепакли буғдой уни В ва Е витаминлари эвазига соғлиққа ижобий таъсир кўрсатади.

Кўк чой эса антиоксидант хусусиятларга эга полифенолларга эгалиги ҳисобига юрак-томир касалликлари ривожланиши олдини олади. Шифокор қора чой ёки қаҳва ўрнига кўк чой ичишни тавсия қилган. Бундан ташқари, маврак (шалфей) ва мойчечак (ромашка) дамламаси ҳам яхши таъсирга эга. 

Мутахассис, шунингдек, қизил рангли узум, помидор ва тарвузнинг ҳам юракка фойдали эканини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид