17:47 / 23.09.2020
33893

Уйқу: саломатликда сув ва ҳаводек зарурат

70 йил яшаган одам умрининг 30 йилга яқинини уйқуда ўтказади, умримизнинг кўп қисмини ухлаб бой беряпмиз, деган гапларни кўп эшитамиз. Лекин инсон организми учун уйқунинг аҳамияти ниҳоятда катта ва фақат шу жараёндагина ўз қобилиятини тиклай олади. Ўрта ёшдаги соғлом одамда 3-5 сутка ухламаслик қайтмас жараёнларга олиб келади. Болалар ва кексаларда бу муддат янада қисқа.

Фото: Fotolia

2020 йил инсоният учун синовлар ва саломатликка эътибор йили бўлди, деб айтиш мумкин. Коронавирус пандемияси даврида ҳамма ҳадикда яшади ва яшамоқда. Бундай даврда соғликка алоқадор ҳар қандай жараён яхшилаб ўрганишга арзийди. Шу жумладан уйқу ҳам.

Уйқу ҳақида 10 факт

1. 8 соатлик қоида

8 соат ухлаш шарт, деган қоида ҳақида ҳаммамиз эшитганмиз. Айнан 8 соат дейилишига қандай асослар бор? Қатор тадқиқотларда инсон саломатлиги учун айнан мана шунча вақт давом этувчи уйқу зарурлиги ўз тасдиғини топган. Мунтазам равишда бундан кам ухловчиларда турли касалликларга чалиниш эҳтимоли ортган.

Фақат олимлар бир масала устида кўп баҳслашадилар – уйқу бузилиши касалликларга сабаб бўладими ёки турли касалликлар белгиси сифатида уйқу бузилиши пайдо бўладими?

Болалар учун 11 соат, гўдаклар учун 18 соатгача уйқу зарур.

2. Уйқу бузилиши нималарга олиб келади?

5 млн.дан ортиқ кўнгиллилар иштирок этган 153та тадқиқот натижалари шуни кўрсатганки, уйқуда пала-партишликка йўл қўйганлар қандли диабет, қон босими ошиши, юрак-қон томир касалликлари ва ортиқча вазнга жуда мойил бўладилар.

Кетма-кет бир неча кечада уйқунинг кескин бузилишиёқ диабет олди ҳолатига олиб келади. Уйқу бузилиши вакциналар самарасини камайтиради, иммунитет сусайишига олиб келади – бу жиҳатлар айниқса бугунги кунда эътиборга молик.

Тадқиқотлар 7 соатдан кам ухлаган инсон шамоллашга кўпроқ чалинишини исботлаган. Яна бу ҳолат мия фаоллигининг сусайиши ва ақлий заифликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлишига олиб келади.

 

Маълумот учун: Олимлар уйқунинг аҳамиятини оддийроқ тилда “сизнинг кун давомида тўпланган салбий ахборотларингиз айнан уйқуда ўчирилади” дея тушунтиришади.

3. Уйқунинг ҳам турлари бор

Уйқумиз ҳам бир неча босқичдан иборат ва уларнинг ҳар бири 60-100 дақиқа давом этади.

Дастлабки босқич – мудраш уйқу ва уйғоқлик орасидаги вақтдан иборат. Бунда нафас, пульс секинлашади, мушаклар бўшашади.

Кейин ярим чуқур уйқу жараёни бошланади. Бунда инсон ухлайди, лекин айрим ахборотни қабул ва таҳлил қилиш ортидан ўзини уйғоқдек ҳисоблайди.

Учинчи, асосий босқич – чуқур уйқу айнан энг муҳим, узоқ давом этувчи ва инсон ҳеч нарсани сезмайдиган жараён.

Кўпчилик чуқур уйқуда туш кўрилади, дейди. Аслида тушлар иккинчи ёки учинчи босқичда эмас, чуқур уйқудан кейин қайтилган енгил босқичда кўрилади.

Якунда инсон тез уйқу босқичини ҳам ўтказади.

4. Тунги смена ишчилари эҳтиёткор бўлишлари лозим

Алмашинувчи график асосида ишловчилар, яъни тунги сменада турувчиларда диабет ва ортиқча вазнга чалиниш эҳтимоли ортади. Шунингдек уларда сурункали касалликлар ҳам кўпроқ кузатилади. Яна ўтириб ишловчиларга уйқу ритмининг бузилиши нисбатан кучли таъсир қилиши ҳам исботини топган.

5. Биз ҳозир камроқ ухлаяпмизми?

Замонамиз одамлари камроқ ухлашяпти, деган тушунча мавжуд. Аммо бу бутунлай тўғри эмас. Ҳамма даврларда ҳам ўз вақтида ухловчилар, кам уйқулар, пала-партиш ухлайдиганлар ёки бу жараённи чўзиб юборгувчилар бўлган.

Шунчаки бизнинг замонамизга келиб уйқу вақтини “ўғирловчи” воситалар кўпайди.

6. Ҳар доим ҳам ҳозирги тартибда ухламаганмиз

Бугунги кунга келиб деярли ҳеч ким шомдан кейин ухлашни тасаввур қила олмайди. Ҳатто аксариятимиз учун айнан шомдан кейин фаол ҳаёт бошланади.

Аммо аждодларимиз одатда шом намозини ўқиб, яъни кун ботишидан кейин кўп ўтмай ухлашган ва бомдод намозидан олдинроқ уйғониб, хуфтонни ўқиганлар. Кейин бомдод ўқилган ва тонг қаршиланган. Кун ёришган пайтда камдан-кам одам ухлаб ётган, қуёш чиққанда ухлаш эса ақлга сиғмаган.

7. Смартфонлар омили

Бугун қайси биримиз уйқу олдидан смартфон титкиламаймиз?

Айниқса, камида 10 соат ухлаши шарт бўлган ўсмирларда бу одат жуда кенг тарқалган. Телефон, ноутбук, телевизорлардан тарқалувчи нурлар уйқу сифатига салбий таъсир қилиши аллақачон исботланган.

Мутахассислар уйқудан 90 дақиқа олдин барча қурилмаларни ўчиришни тавсия қиладилар. Лекин тан олайлик – биз барибир бу тавсияларга амал қилмаймиз...

8. Уйқудаги муаммолар

Уйқу жараёнида ҳам организм айрим муаммоларни намоён қила олади. Хусусан, тўсатдан нафас қисиши ва ҳаво етишмаслиги ортиқча вазндан дарак берса, пала-партиш тушлар ортидан чўчиб уйғониш турли гаджетларга ружу қўйиш белгиси ҳисобланади.

Шунингдек, узоқ вақт ухлай олмаслик ҳам аллақачон невропатолог чорлаётганидан далолатдир.

9. Турли ҳудудларда турлича

Турли қитъа ва давлатларда ухлаш одати ҳам фарқланади. Ҳатто қишлоқ ва шаҳарликлар бу жараёнга турлича ёндошадилар.

Европа давлатларининг аксарияти, Лотин Америкаси қитъасига кундузи 1-2 соатлик уйқу (сиеста) одати хос бўлса, осиёликлар эртароқ ухлаш ва эртароқ туришни маъқул кўрадилар.

Шаҳарликлар кўнгилочар масканлар ва имкониятлар туфайли қишлоқликларга нисбатан кечроқ ухлашлари табиий ҳолга айланган.

Шунингдек, турли давлатларда кун ва тун давомийлиги турлича эканлиги уйқу вақтига ҳам ўз таъсирини ўтказган.

10. Эрта ва кеч уйғонувчилар

Одамлар бу борада икки тоифага бўлинадилар: эрта ёки кеч уйғонувчилар.

Умуман олганда, тахминан 30 фоиз инсонлар эрта турувчилар, 30 фоизи кеч уйғонувчилар, қолган 40 фоизи ўрталиқдагилардир.

 Соғлик учун вақтида ва етарлича ухлашнинг аҳамияти беқиёс. Буни бир мисол билан тушунтириш мумкин – энг оғир ҳолатдаги беморлар саломатлиги айнан чуқур уйқу ёрдамида сақлаб турилади ва шу жараёнда муолажалар олиб борилади.

Аброр Зоҳидов.

Top