Жаҳон | 22:52 / 06.10.2020
13370
2 дақиқада ўқилади

Дубайда футуристик кўринишдаги Келажак музейи барпо этилди

Дубайда футуристик кўринишдаги Келажак музейи тақдим этилди. Тешиккулча кўринишидаги иншоот 78 метр баландликка, 10 қаватга эга ва 30 минг квадрат метр майдонни эгаллаган.

Фото: Twitter /hhShkMohd

Музей Emirates Towers метро станцияси, бизнес ва меҳмонхона мажмуаси билан пиёдалар кўприги ёрдамида боғланган. Иншоотнинг биринчи уч қавати автомобилларни қўйиш учун ажратилган.

Музейда ҳовузлар, боғлар, велойўлка ва ҳордиқ чиқариш ҳудуди мавжуд. Эътиборлиси, бино корпуси зангламайдиган пўлат ва шиша толадан ишланган бўлиб, араб ёзувлари билан безалган. Катта кўламли лойиҳани Killa Design архитектура агентлиги амалга оширган. 

Музей экспозицияси замонамиз имкониятлари ва хатарлари ҳамда келажак технологияларига бағишланади. Музейда инсоннинг жисмоний ва ақлий имкониятларини кенгайтирувчи, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ечишда ёрдам берувчи инновациялар, турли ихтиролар ва технологик ечимларнинг истиқболли прототиплари тақдим этилади.

Дубай ҳукмдори Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум иншоотни архитектура ва муҳандислик дурдонаси деб атаган. У музей Дубайнинг диққатга сазовор жойларидан бирига айланишига умид билдирган.

Фото:  Twitter /hhShkMohd
Фото:  Twitter /hhShkMohd
Фото:  Twitter /hhShkMohd
Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид