19:34 / 11.10.2020
14416

Истанбулга тўтиқушлар хавф солаётгани маълум қилинди 

Фото: Jakub Hałun/wikipedia.org

Истанбулнинг деярли барча туманларида ҳалқали тўтиқушларнинг катта колониялари вужудга келиб, улар қарғалар, олмахонлар ва кўршапалакларнинг инлари ва яшаш жойларини эгаллаб олмоқда. Бу ҳақда истанбуллик биологларга таяниб Hurriyet нашри хабар берди. 

Одатда Жанубий Осиё ва Шарқий Африкада яшовчи бу турдаги тўтиқушлар Истанбулда 1996 йилдан кўпая бошлаган. Ўшанда шаҳарнинг Бейкўз туманида ушбу турдаги тўтиқушларни олиб кетаётган автомобил ағдарилиб кетган. Тўтиқушлар йўл-транспорт ҳодисаси вақтида ҳар томонга тарқалиб кетиб, мегаполисда яшаб кетган. Дастлаб улар Аё София ибодатхонаси ва Йилдиз саройи ёнидаги Гулхона боғини эгаллаган, бироқ охирги вақтда улар кўпайиб, шаҳарнинг бошқа туманларида ўрнаша бошлаган. 

“5 йил аввалгина тўтиқушлар бир неча юзтани ташкил қиларди, ҳозирда улар сони 6 мингга етган”, деб таъкидлашмоқда биологлар. 

Шу билан бирга, ушбу тўтиқушлар бутун мамлакат бўйлаб ёйила бошлаган – ҳозирда Туркияда 10 мингга яқин шу турдаги тўтиқуш мавжуд. Истанбулдан ташқари, уларни Измирда ҳам кўплаб учратиш мумкин.  

Тропик қушларнинг бундай кўпайиб кетишига Истанбулнинг юмшоқ иқлими ва озуқанинг кўплиги туртки бўлган. Ушбу тўтиқушлар учун 15 даража ҳарорат қулай ҳисобланади.

Эътиборлиси, XXI аср бошидан ҳалқали тўтиқушлар Европа бўйлаб жадал тарқала бошлаган, ваҳоланки 30-40 йил аввал улар фақат ўзлари учун одатий муҳитда яшаган.

Top