Жамият | 18:00 / 22.10.2020
4649
4 дақиқада ўқилади

ТИҚХММИ: Тил тараққиётнинг тарозиси

Дунёдаги барча мустақил давлатларнинг мавжудлик мезонлари ҳақида гап кетса, даставвал, унинг расмий тили кўз олдимизда гавдаланади. Шулардан бири унинг тилидир. Дарҳақиқат, миллатнинг миллат, халқнинг халқ эканини билдирувчи энг муҳим белги унинг давлат тилидир. Мутахассисларнинг фикрича, дунёда 7000 тил бўлса, уларнинг аксарияти ўлик тилга айланиб бораётгани ҳам рост. Табиийки, истеъмолда бўлмаган тил, истифода этилмаган сўз таназзулга юз тутади.

Муҳтарам Президентимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович ўтган йили 21 октябрда Тошкент Ишбилармонлар марказида, Конгрес Холлда илк бор Давлат тилига бағишланган катта анжуманда «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга имзо чекканларини айтиб ҳаммамизни руҳлантирган эдилар.

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганлигининг 31 йиллиги ҳамда Ўзбек тили байрами куни муносабати билан республикамизнинг турли вилоят, туман ва шаҳарларида худди шу сана муносабати билан маърифий тадбирлар ўтказилаётгани ҳам қувонарлидир.

Ана шундай маърифий тадбирлардан бири 20 октябр куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида онлайн тарзда ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаментининг мудири, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев иштирок этди. Шунингдек, тадбирда институт раҳбарияти, профессор ўқитувчилар, талаба, магистрант ва меҳмонлар иштирок этишди. Жами 1000га яқин қатнашувчилар иштирокида ўтказилган тадбирга институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рузимурат Чориев модераторлик қилди.

Тадбир аввалида институт ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич барчани байрам билан самимий табрикладилар. Сўнгра А.К.Қирғизбоев департамент томонидан амалга оширилган бир қатор ишлар борасида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Давлатимиз раҳбарининг «Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак», - деган фикрлари ҳаёт учун йўлланма, тараққиёт учун қўлланма бўлиши аниқ.

Бугунги кунда Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Атамалар комиссиясининг давлат тилининг ривожи ва унинг тарғиботи, оммалаштириш борасида бир қатор амалий, ижобий ишларни амалга ошираётганини таъкидлаш ўринлидир.

«Тил – тақдиримиз, тарихимиз тақозоси, тараққиёт тарозиси» деб номланган адабий-маърифий тадбирда талабалар ўз ижодларидан намуналар ўқиб беришди, баъзи талабалар эса тилга бағишланган видеороликларини намойиш этишди.

Қайнар булоқнинг зилол сувига ташналик табиий ҳол. Сув экиннинг жони ва қони бўлса, сўз инсоннинг армони ва мояйи дармонидир. Ҳар иккаласи ҳам инсониятга зарур. Сув танага озиқ, сўз эса руҳиятга. Маърифатга ошна, маънавиятга ташна қалбларнинг тилимизга, қадриятларимизга меҳр-муҳаббати юқори бўлади. Эътиборнинг эҳтиромга, эҳтиромнинг эъзозга айланиши фуқароларимизнинг давлат тилига бўлган муносабатига боғлиқ. Бу эса чин маънодаги инсоний ва виждоний бурчимиз бўлиши табиийдир.

Зероки, Президентимиз таъбири билан айтганда, «Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир».

Тилга муносабат фақат тилда, шиорларда эмас, балки амалиётда бўлиши зарурлигини Президентимиз қайта-қайта уқтиришлари бежиз эмас. Давлат тилининг ижтимоий-иқтисодий, расмий ва сиёсий жараёнлардаги ролини ошириш бобида Президентимиз ўрнак бўлаётгани сир эмас. БМТнинг Бош ассамблеясининг 75-сессиясида Олий минбардан туриб ўзбек тилида нутқ қилишлари халқимизни ва бошқа қардош халқларни ҳам ғурурлантириб юборгани сир эмас. Демак, ҳаммамиз тил ва нутқ маданиятини тўла ўзлаштирсак, амалда қўллай олсак, Давлат тилининг ижроси амалда деганидир.

ТИҚХММИ Институт матбуот хизмати

Мавзуга оид