Ўзбекистон | 13:24 / 14.11.2020
13447
4 дақиқада ўқилади

«Қонун қабул қилганимиз билан кўряпмиз, бу амалда ишламаяпти-ку». Кушербаев депутатлик сўрови жавобсиз қолса, мансабдорга жиноий жавобгарлик белгилаш таклифини билдирди

Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлик сўровига вақтида ва белгиланган талаблар асосида жавоб бермаган мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш таклифи илгари сурилди. Бу ҳақда O'zLiDeP хабар берди.

Маълум қилинишича, йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси дастлабки ўқишда кўриб чиқилган. Унда депутатларнинг иш фаолиятини янада енгиллаштириш ва мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари сўровларига нисбатан масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Йиғилишда депутат Расул Кушербаев сўровларга вақтида жавоб қайтармаган мансабдор шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш жазосини қўллаш таклифини билдирган. 

«Қонун қабул қилганимиз билан кўряпмиз, бу нарсалар амалда ишламаяпти-ку! Масалан, 5-6 нафар депутат бош прокурор номига юборган сўровимизга 3 ойдан кейин жавоб берилди. Ўзимиз ялиндик охири чиқиб: эй, жавоб беринглар илтимос, деб. 

Янги нормада қўшиб кетиляпти давлат сирига оид сўров бўлса, сайтга (ОМҚП сайти) жойлаштирилмайди, деб. Давлат сирига оид бўлса, биз сўровимизга жавобни ўзимиз ола олмаяпмиз, ҳаттоки. 3 нафар депутат сўров беряпмизда, саволни аниқ қўйяпмиз «бизларга жавоб беринг», деб.   

Бу нима учун керак? Барибир амалда ишлата олмаймиз-ку! Яхшиси биринчи амалда ишлайдиган, жавобгарликни аниқ, қатъийлиги ва қонунни бажариш талаби нуқтайи назаридан бажаришга мажбур қиладиган талабларни қўяйлик. Менинг таклифим, жавобгарлик масаласини ҳам олиб кирсак, керак бўлса депутатлик сўровига жавоб бермаганлиги учун жавобгарликни жиноят кодексига киритайлик. Жиноий жавобгарлик масаласини қўяйлик. Қолган соҳаларда бор-ку, мурожаатлар тартибини бузадиган бўлса, шунақа чоралар кўрилади. Буни ҳам киритайлик», деган Кушербаев.

Хабар қилинишича, йиғилишда депутат Қодир Жўраев депутатлик сўрови ва унинг жавобини Қонунчилик палатаси расмий сайтида эълон қилиб бориш таклифини берган.

«Депутат сўрови ва унга келган жавобни Олий Мажлис қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши тўғрисида норма таклиф қилиняпти. Яъни депутат сўрови юборилганининг эртаси куни, келган жавоб эса қабул қилинган кундан бошлаб веб-сайтга расман жойлаштирилиши белгилаб қўйиляпти. Бу бўйича жуда кўп эътирозлар бор, лекин бу депутатлик сўровларига нисбатан талабчанлик ошишига хизмат қилади. 

Баъзида мансабдор шахслар менсимасдан нотўғри ёки қониқарсиз жавоб қайтаришади. Шундай ҳолатларда депутат ташаббуси билан тегишли мансабдор шахс фракция, қўмита йиғилишларига таклиф этилиши мумкинлиги тўғрисидаги норма ҳам қонун лойиҳасида таклиф қилинмоқда» деган Қодир Жўраев.

Маълум қилинишича, O'zLiDeP фракцияси вакиллари жорий йилнинг шу вақтига қадар турли вазирлик ва давлат идораларига 128та депутатлик сўрови юборган. Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Марказий банк, Хоразм вилоят ва Бўка туман прокуратуралари ҳамда «Ўзавтойўл»га юборилган жами 10та депутатлик сўровига ҳанузгача жавоб берилмаган. Шунингдек, аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб вазирликлар ва давлат идораларига юборилаётган депутатлик сўровларига қониқарсиз, «отписка» тарзидаги жавоблар юборилиши кўплаб учраётгани айтилади.

Мавзуга оид