Жаҳон | 20:38 / 25.11.2020
7361
2 дақиқада ўқилади

Руҳоний: Эрон ва АҚШ Трампдан олдинги муносабатларга қайтиши мумкин

Эрон ва Қўшма Штатлар Доналд Трампнинг тўрт йиллик сиёсатини тўлиқ ўзгартириб, унинг президентлигидан олдинги шартларга қайтиши мумкин, деди Эрон раҳбари Ҳасан Руҳоний.

Фото: Official President website/Handout via REUTERS

У телевидение орқали чиқишида Жо Байден маъмурияти сиёсий ирода кўрсата олса, Эрон ва АҚШ муносабатлари бутунлай бошқача бўлиши мумкинлигини айтди.

“Эрон ва АҚШ 2017 йил 20 январдаги шартларга қайтиш борасида қарор қабул қилиши ва буни эълон қилиши мумкин. Бу кўплаб муаммоларга ажойиб ечим бўлади ҳамда ҳозирги сиёсий жараёнларни бутунлай ўзгартириши мумкин”, – деди у.

Шунингдек, Руҳоний Эрон бўлажак президент Байдендан нимани кутаётганлигини ҳам айтиб ўтди.

“Умид қиламизки, АҚШнинг кейинги маъмурияти ўзининг дастлабки қадамларида Трампнинг Эронга нисбатан сиёсатини қоралайди”, – деди Руҳоний ва Трамп сиёсатини “инсон ҳуқуқларига қарши ҳамда террористик” сиёсат деб атади.

Руҳонийнинг сўзларига кўра, Байден маъмурияти аввалги “нотўғри сиёсат”ни тўғрилаши керак.

Унинг таъкидлашича, Эроннинг сиёсати ҳар доим аниқ бўлиб келган ва “мажбуриятга мажбурият, ҳаракатга ҳаракат ҳамда ҳурматга ҳурмат кўрсатиш” га асосланган.

АҚШ 2018 йил май ойида 2015 йилда Эрон билан имзоланган ядровий келишувдан бир томонлама чиқиб кетди ва Теҳронга нисбатан кескин иқтисодий санкциялар жорий этди.

Эрон Трамп маъмуриятининг “максимал босим” кампаниясини “иқтисодий ва тиббий терроризм” намунаси деб атади ва АҚШнинг бўлажак маъмурияти товон пули тўлаши кераклигини билдирди.

Мавзуга оид