15:00 / 20.12.2020
3931

«ЎзРТХБ»: декабрь ойидаги биржа савдолари натижалари

2020 йилнинг 1-18 декабрида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг очиқ биржа савдолари орқали 2,8 трлн сўмлик товар ресурслари сотилди. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 33% га кўпдир. Сотувчи ва харидорлар шаффоф биржа савдоларида эркин иштирок этишди.

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдолари орқали 100,3 минг тонна техник пахта чигити ва 7,1 минг тонна пахта ёғи сотилди. Ўтказилган савдолар натижасида пахта ёғининг ўртача нархи жорий йилнинг ноябр ойига нисбатан 3,7% га пасайиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 12 578,6 минг сўмни ташкил қилди (1 литри – 11 572,3 сўм).

Декабр ойида биржа савдоларига 315,3 минг тонна цемент маҳсулотлари қўйилган бўлиб, бу жорий йилнинг ноябр ойига нисбатан қарийб икки маротабага камдир. Шу билан бирга, цементнинг ўртача бошланғич нархи сотувчи корхоналар томонидан ўртача 455,1 минг сўмдан 472,8 минг сўмга, яъни 4% га кўтарилди. Натижада цементнинг декабр ойидаги ўртача нархи жорий йилнинг ноябрига нисбатан 6% га ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 559,5 минг сўмни ташкил қилди.

Худди шундай АИ-80 русумли автомобил бензини сотувчиларининг бошланғич баҳоси ҳам ноябр ойига нисбатан 8,5% га кўтарилиб, ўртача 5 691 минг сўмни ташкил қилди. Ўз навбатида бензиннинг биржадаги нархи мос тарзда 8% га ўсди ва маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 731,7 минг сўмни ташкил этди (бензиннинг бир тоннаси ўртача – 1293-1370 литр).

Шунингдек, декабр ойида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида олтиннинг сотуви бўйича максимал кўрсаткич қайд этилди. Хусусан, биржа савдолари орқали 75 кг олтин сотилиб, қимматбаҳо металлнинг бир грамми ўртача 615,9 минг сўмни ташкил қилди.

«ЎзРТХБ» АЖ PR бўлими

Top