00:27 / 17.01.2021
9618

ЕИ «доллар ҳукмронлиги»ни камайтиришни режалаштиргани маълум бўлди

Еврокомиссия лойиҳасида АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши санкцияларни тиклаганидан сўнг ЕИ тўқнаш келган қийинчиликлар тўғрисида сўз боради. ЕИни «бундай ноқонуний чоралар қабул қилиниши оқибатларидан ҳимоя қилиш лозим», дейилади лойиҳада.

Фото: Depositphotos

Евроиттифоқ жаҳон бозори долларга ортиқча даражада боғланиб қолганлигини эълон қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Financial Times газетаси Еврокомиссия лойиҳаси ва ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Брюссел бу масалани АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденнинг инаугурация маросимидан аввал кўтармоқчи, деб ёзади нашр. Манбаларнинг сўзларига кўра, лойиҳа 19 январ куни қабул қилиниши мумкин.

Ҳужжатда биринчи навбатда АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши санкцияларни тиклаганидан сўнг ЕИ тўқнаш келган қийинчиликлар тўғрисида сўз боради. ЕИни «бундай ноқонуний чоралар қабул қилиниши оқибатларидан ҳимоя қилиш лозим», дейилади лойиҳада.

«Трампнинг президентлик даври заиф томонларимизни кўрсатиб берди ва биз уларни бартараф этишимиз керак. Гап ЕИнинг жаҳондаги ўрни – кўламимизга яраша иқтисодий ва молиявий куч бўлишимиз ҳақида кетмоқда», — деди нашр манбаси.

АҚШ 2018 йил май ойида Теҳрон билан ядровий келишувдан чиқиши ва унга қарши санкциялар тикланишини эълон қилганди. Евроиттифоқ Эрон билан савдо келишувларини ҳимоялаш мақсадида бу чекловларни айланиб ўтишга қарор қилди. Шу мақсадда 2019 йил июнда Буюк Британия, Франция ва Германия Теҳрон билан INSTEX (Instrument in Support of Trade Exchanges) молиявий механизмини жорий этди. Кейинроқ унга Белгия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Финландия ва Швеция қўшилди.

Ушбу механизмга мувофиқ, Эрон Европа мамлакатларига нефт ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериши, аммо пуллар Эрон банкларига эмас, унга саноат маҳсулотлари, дори-дармон ва озиқ-овқат етказиб берадиган Европа компанияларига ўтказилиши режалаштирилганди. Германия ҳукумати 2020 йил 31 мартда ана шундай дастлабки ўтказма амалга оширилганини маълум қилганди. 

Top