Ўзбекистон | 10:26 / 31.01.2021
34400
7 дақиқада ўқилади

Тонг саҳардан ўтин тергани зовур бўйига — Қўштепанинг Лангарида ўтган бир кун

Kun.uz «Қишлоқда бир кун» рукнида олис ҳудудлардаги турмуш манзаралари, қишлоқ одамларининг ҳаёти ва юмушлари билан таништиришда давом этади.

Навбатдаги манзилимиз – Фарғона вилояти Қўштепа тумани Лангар маҳалласи бўлди.

Маҳаллага кириб борарканмиз, дастлаб диққатимизни тортган нарса – қачонлардир маҳалла аҳли ҳашар йўллари билан тиклаган симёғочлар бўлди.

Симёғочлар аллақачонлар муддатини ўтаб бўлган, тагидан емирилиб, чириб бўлган. Айрим жойларда эса қўлбола симёғочлар ҳам йўқ, симларни уйларнинг томига ўрнатилган ёғочлар ушлаб турибди.

Узоқдан челаклар кўтариб келаётган одамлар маҳаллага ичимлик суви ҳамон тортилмаганидан дарак берарди. Кимдир аравада, бошқаси қўлида сув идиш кўтарганча кўчадан келарди.

Кўчада эшак араваларга ўтин, чарм, пластик идишлар ортиб келаётган болакайлар, дарахтнинг кесилган шохини тиркама араваларда машинасида тортиб келаётган одамларга кўзимиз тушди.

Тирикчилик ташвишида қишлоқда тиним йўқ. Хонадонлардаги мўрилардан тутун бўралаб чиқаётганига қараганда, қишлоқ газ тармоғидан ҳам мосуво. Оилалар исиниш учун печкаларга ўтин ва кўмир қалашмоқда.

Кўчаларини айланар эканмиз, сувоқлари кўчган, бир қарашда ғариброқ кўринган хонадон эътиборимизни тортди.

Хонадонга киришдан аввал маҳалла фаолларидан оиланинг бугунги ижтимоий аҳволи ҳақида сўрадик.

Маҳалла аҳлининг айтишига қараганда, бу уйда умргузаронлик қилган оила боши Худойберди ака 2009 йилда вафот этган. Ҳозирда рўзғор тебратиш вазифаси унинг беваси Шоира опанинг гарданида экан.

Шоира опанинг икки қизи Гулчеҳра ва Гулнора ҳам оналарига елкадош бўлиб, оила учун пул топиб келишар, кенжа фарзанд Сардорбек эса мактабда таҳсил олар экан.

Қишнинг қировли кунларида оила қандай яшаётгани, кунлик меҳнат тарзи билан яқинроқ танишиш мақсадида Шоира опанинг уйига кириб бордик.

Бегона одамнинг чақирув овозидан «ҳозир» деган овоз эшитилиб, эшикни Шоира опанинг ўзи очди ва кимлигимизни суриштириб билгач, бизни ичкарига таклиф қилди.

Ҳовлининг чап томонида – икки хонали, омонатгина қилиб қурилган уй. Ўнг томонда – оддийгина товуқ катак. Унинг орқа томонида эса ғўзапоя қалашиб ётарди. Уйдан узунгина бўлиб мўри чиқиб турибди. Томнинг бир томонлама қилиб ёпилган шифери тагида захира супургилар боғланган. Икки хонали уйнинг ўнг ёнбош томонида тандир. Бир сўз билан айтганда, кўпчилигимизга таниш оддий қишлоқ хонадони.

Шоира опа эри вафотидан сўнг бошидан кўп қийинчиликлар ўтказган. Икки қиз ва кенжа ўғлини қийинчиликлар билан вояга етказган. Ҳозирда қизлари улғайиб, унга рўзғор юмушларида елкадош.

Она боқувчиси йўқлиги сабаб, қизларини ўқита олмаганидан афсус чекади.

Шоирахон Ҳолиқова

Шоира опа кетмон чопиб, ғўзапоя ўриб, қишлоқ чеккасидаги зовурлардан ўтин териб, фарзандларини улғайтирган. Маҳаллага ичимлик суви тортилмагани боис оила сувни анча олисдан ташиб келади. Қолаверса, газ йўқлигидан ўтин териб келиб, печкага ўт қалашга мажбур.

Катта қизи Гулчеҳра дадаси вафот этгандан кейин онасига ёрдам бериш учун ошхонага ишга кирган. У иш бошлаганда дастлаб кунига 35 минг сўмдан пул топган. Саҳар 6дан кеч 19–20гача ошхонада идиш ювади.

Гулчеҳра қиш шароитида «метан-заправка»ларда газ тақчиллиги сабаб, ошхонага қатнашда қийналади. Ёз кунларида ошхонага бориб келиш йўлкира харажати бир кунда 6 минг сўм бўлган бўлса, биз Лангарда бўлган кунлари бу 10 минг сўмга тушаётганди.

Ҳайдовчилар заправкалардаги навбатни «инобатга олиб», йўлкира нархини 3 мингдан 5 минг сўмга кўтариб олган. Бу эса ҳозирда кунлик 45 минг сўмга эртадан кеч ишлаб келаётган Гулчеҳра учун ноқулайлик туғдирмоқда.

Гулчеҳра Низомова

Оила қизлари эрта баҳордан далага чиқишади. Ғўзапоя учун даладан қатор олишади. Гулчеҳра ҳафтанинг ҳар пайшанбасида ошхонага боради. Қолган пайт қишлоқдаги тенгдошлари билан зовур бўйларидан ўтин териб кунни кеч қилади.

Эрталаб ўтин тергани кетганича тушликда уйиган қайтади. Тушлик қилиб эса яна ўтин теришга жўнайди. Териб келган ўтинни ёқиш учун майдалаб бўлакларга ажратади.

Шоира опанинг кичик қизи Гулнора ҳозирги қиш шароитида кунлик ишда ишлаяпти.

Гулнора ишнинг оғир енгиллигига қараб кунига 50 минг-60 минг топади. Ишлаб топган пулига укаси Сардорбекка кийим сотиб олади, уйга бозорлик олиб келади. Куз фаслида қишлоқда тўй кўп бўлгани учун тўйларга бориб идиш-товоқ ювади. Кузда жамғарган пулига кўмир сотиб олади.

Гулнора Низомова

У ўқимоқчи бўлиб, таълим даргоҳига хужжат ҳам топширган. Лекин шароит бўлмагани боис таҳсил ололмаган.

Гулнора ичимлик сувини қўлда ташийди. Бир кунда 2 марта уйига челакда сув олиб келади. Қишлоқда табиий газ йўқ, оила ўтиндан фойдаланишга ўрганган.

Гулнора қачонлардир қишлоқда шароит яхши томонга ўзгаришини орзу қилиб яшайди. Уйида табиий газ ёниб туриши, уйидаги жўмракдан ичимлик суви келиб туриши, «свет» ўчмаслигини ич-ичидан орзу қилади.

Қишлоқ болалари учун стадионлар, болалар майдончаси, кўнгилочар масканлар бўлишини хоҳлайди. У қишлоқ аҳлининг маданий ҳордиқ чиқариш учун йўлкира сарфлаб Фарғона шаҳрига бормаслигини, шу туманнинг ўзида ана шундай дам олиш жойлари қурилишини истайди.

***

Биз оиланинг бир кунлик ҳаёт тарзи билан танишар эканмиз, ноқулай шароитга рози бўлиб яшаётган бахтиёр оиланинг бирдамлигига, уларнинг метиндек иродасига таҳсинлар айтдик.

Қишлоқдан анча олисда бўлган зовурдан ўтин териб келиш, хўл новдаларни арралаб, бўлакларга ажратиш, уни болтада чопиш, қишнинг аёзли кунида ҳам далага чиқиб ғўзапоя ўриш, олисдан челаклаб сув ташиб келиш, қишлоқдан олис ҳудудга бориб ошхонада идиш-товоқ ювиб келиш...

Бу юмушлар бир қарашда оддийдек туюлади. Бироқ бошқа бир шароитдан келиб, қишлоқнинг бир кунлик ҳаёт тарзини кўрган ҳар қандай киши мана бундай ҳаёт «машаққатлари» олдида ўзини қўярга жой топа олмаслиги шубҳасиз.

Оддий бир оила мисолида қишлоқнинг бир куни билан яқинроқ танишиб, ортга қайтарканмиз, Лангарда тезроқ шароитлар ижобий томонга ўзгаришини, қишлоққа аҳоли орзу қилган муҳит тезроқ кириб келишини астойдил хоҳладик.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид