14:37 / 25.02.2021
30304

Донғи дунёга достон шаҳар – Дубай. Амирликлардан Kun.uz фотожамланмаси

Kun.uz ижодий жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида ижодий сафарда бўлиб қайтди. Сафаримиз давомида қатор журналистик материаллар тайёрлаш билан бирга, мамлакатнинг энг йирик шаҳри – Дубай ва бошқа амирликлар манзараларини ҳам камера объективига муҳрладик.

Бир неча ўн йил ичида саҳро ичидан кўкка бўй чўзган Дубай бугун Ғарбий Осиёдаги энг йирик бизнес хаб мақомига даъво қилади.

Нефть даромадидан гуллаган, қарийб 3,5 миллион аҳолига эга мегаполис иқтисодиётининг асосида бугунги кунда халқаро савдо, туризм, авиация, кўчмас мулк ва молиявий хизматлар каби соҳалар ётади.

Осмонўпар бинолари, соҳилбўйи дам олиш масканлари, кўнгилочар ва савдо марказлари, хавфсизлиги ва бошқа қатор омиллар ҳисобига Дубай ҳар йили миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилади. 2020 йил пандемия кузатилганини ҳисобга олиб, 2019 йилги маълумотларга юзлансак, Дубай – энг кўп хорижлик ташриф буюрувчи дунёдаги топ-7 шаҳардан бири.

Етти амирликдан иборат мамлакатда аҳолининг аксар қисми – муҳожирлар. Аммо улар яшовчи туманларда ҳар доим ҳам дабдабани учратавермайсиз. Шу ва бошқа жиҳатлар билан жонли фотожамланмамизда танишинг.

Дубайдаги Бурж Халифа – дунёдаги энг баланд иншоот. Бино баландлиги 829,8 метр.

Бурж Халифа ва Dubai Mall ўртасидаги Дубай фаввораси

Бирлашган Араб Амирликлари аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи – муҳожирлар

Келажак музейи. Дубайдаги бу янги музей инсониятни келажакда кутаётган имкониятлар ва таҳдидларга бағишланган.

Палм Жумейра сунъий оролидаги Атлантис меҳмонхонаси

Дубайга ёндош Шаржа амирлигидаги муҳожирлар яшаш маскани

Ҳар йили 320дан ортиқ қуш турлари БАА орқали Африка, Осиё ва Европага миграция қилади.

Фужайра амирлигидаги тоғлар

Мамлакатнинг аксар ҳудуди Араб саҳросига киради.

БАА – автомобиль йўллари сифати бўйича рейтингларда олд қаторларда турувчи давлатлардан
Фужайра амирлиги. БААнинг 7та амирлигидан 6тасининг қирғоқларини Форс кўрфази сувлари ювиб туради. Мамлакат ғарбидаги Фужайра амирлиги Уммон кўрфазига туташ.

Фужайра шаҳридаги шайх Зайид масжиди – БААдаги иккинчи энг йирик масжид. 2015 йилда фойдаланишга топширилган.
Худди шу номдаги, пойтахт Абу-Дабида қурилган масжид мамлакатдаги энг йириги саналади.
Масжид бир вақтнинг ўзида 14 минг намозхонни сиғдира олади.

Kun.uz фотомухбирлари:
Муҳаммаджон Ғаниев,
Нуриддин Нурсаидов.

Top