15:30 / 04.03.2021
7847

Навальний эффекти: ЕИ ва АҚШ кимларга қарши санкция киритди?

2 март куни Евроиттифоқ мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши иши сабабли Россиянинг тўрт нафар амалдорига қарши санкция киритди. Бир оз кейинроқ АҚШ ҳам бир гуруҳ россияликларга қарши санкциялар жорий этди. Ушбу рўйхатдан кимлар жой олди?

Фото: MOSCOW CITY COURT PRESS SERVICE

Евроиттифоқ Навальний боис навбатдаги санкцияларни эълон қилди. Биринчи марта, 2020 йил кузида санкциялар рўйхатига Кремль маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, ФХХ раҳбари Александр Бортников, ички сиёсат бўйича маъмурият бошқармаси бошлиғи Андрей Ярин, мудофаа вазирининг ўринбосарлари Павел Попов ва Алексей Криворучко ҳамда президент Путиннинг сибир федерал округидаги сиёсий вакили Сергей Меняйло киритилганди. Шунингдек, Россия давлат органик кимё ва технологиялар илмий-тадқиқот институти ҳам рўйхатдан жой олганди.

ЕИ 2 март куни Россия бош прокурори Игорь Краснов, тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин, жазони ижро этиш федерал хизмати бошлиғи Александр Калашников ва Росгвардия қўмондони Виктор Золотовларга нисбатан санкция киритди.

Ўша куни АҚШ молия вазирлиги ҳам россияликлар ва Россия компанияларидан иборат рўйхатини эълон қилди. Ундан ФХХ раҳбари Александр Бортников, жазони ижро этиш федерал хизмати бошлиғи Александр Калашников, Кремль маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, бош прокурор Игорь Краснов, мудофаа вазири ўринбосарлари Алексей Криворучко ва Павел Попов ҳамда ички сиёсат бўйича маъмурият бошқармаси бошлиғи Андрей Ярин жой олди. Улардан ташқари, мудофаа вазирлигининг 27-илмий маркази ва 33-марказий илмий-тадқиқот синов институти ҳамда Россия давлат органик кимё ва технологиялар илмий-тадқиқот институти ушбу рўйхатга киритилди.

АҚШ молия вазирлигининг қўшимча қилишича, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги қонун бўйича санкциялар шунингдек, ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланишига алоқадорликда гумонланган Анатолий Чепига ва Александр Мишкинларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Улар аввалроқ киберҳужумларда айбланиб АҚШнинг санкциялар рўйхатига тушганди.

Top